15 January 2018
17:21 - Алишер Усмоновни хато тушунибмиз, у Шавкат Мирзиёнинг сиёсатини қўллаб-қувватламоқчи эмас
Маълумки, Ўзбекистонда туғилиб ўсган ва миллати ҳам ўзбек бўлган Россия миллиардери Алишер Усмонов машҳур Reuters Агентлигининг мухбири Polina Devitt билан суҳбат ўтказгани ҳақида унча катта бўлмаган хабар 2017 йил 4 декабрда шу Агентликнинг сайтида эълон қилинганди. Бу хабарнинг “Ҳаракат” тарафидан қилинган русча таржимаси бизнинг сайтимизга эртаси куни, яъни 5 декабрда қўйилди - http://harakat.net/news/?id=21381.

Reuters Агентлигининг “Россия миллиардери Усмонов: Мен Ўзбекистоннинг дунёга очилишига ёрдам бермоқдаман” сарлавҳали хабари, бошқа мамлакатларни қўйиб туринг, ҳатто Россияда ҳам ҳеч қандай қизиқиш уйғотгани йўқ. Аммо, Ўзбекистон ва баъзи қўшни мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари Reuters Агентлигининг хабарига, Алишер Усмонов ўзининг хусусий учоғини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёга бутунлай ёки кирага берганига ҳамда унинг кейинчалик автоҳалокатда ўлган жияни Бобур Усмонов Шавкат Мирзиёни хотинининг жиянига уйлангани, ўша пайтдан бери Алишер Усмонов Шавкат Мирзиё билан яқинлашгиб қолганига асосланиб, ҳозир Алишер Усмонов Ўзбекистон бошига ўтирган Шавкат Мирзиёни тўла қўллаб-қувватлаш йўлига ўтганини таъкидлашга бошладилар.

Бу фикрлар қанчпалик тўғри? “Ҳаракат” Алишер Усмоновнинг Reuters Агентлигига берган интервьюсини русчага таржима қилиб, уни ўз сайтида эълон қилган бўлса ҳам, бу хусусда ўз таҳлилини бермаган эди. Аммо, ўшандан кейин бўлган воқеалар ҳар қандай ақли бор одамни ўйлантириб қўйди. Мана бўлган воқеалар.

Шавкат Мирзиё 2017 йил 22 декабрда Миллий Мажлисда - бутун умрини бозорда пистачка сотиб ўтказган, аммо ҳамма нарсани биламан деб ўйладиган хотинларнинг вайсашлари билан совет замонидаги колхоз раисларининг кохозчилар олдидаги дўқ пўпислари ўртасидаги бир нарса бўлган - Мурожаатнома билан чиқиш қилди, ўзи 13 йил раҳбарлик қилган ҳукуматдагиларни “каламушлар” деб атаб, аслида, ўзи Каламушбоши бўлганини тан олди. Олий Мажлис тарафидан тасдиқланган 2018 йил Давлат бюджети устидан кулиб, уни имзоламаслиги айтса ҳам, бир неча кундан кейин уни ҳеч қандай ўзгаришларсиз имзолади. Бу каби масхарбозликлар сони чексиз бўлмаса ҳам, етарлича бор.

Табиий, булар бизни ҳам ўйлантириб қўйди. Ўйладик ва Алишер Усмоновнинг Reuters Агентлигига берган интервьюсига таҳлил бериш шартлигини тушундик.

Бу агентлик тарқатган хабарнинг сарлавҳасига қаранг: “Россия миллиардери Усмонов: Мен Ўзбекистоннинг дунёга очилишига ёрдам бермоқдаман”. Жуда ҳам олижаноб иш. Аммо, шуни ҳам тушуниш керакки, Алишер Усмоновдек инсон буни жуда ҳам яхши билади, мамлакатни дунёга очиш асосий мақсад, русчасига айтсак, “самоцель” бўлолмайди. Бугунги асосий мақсад – Ўзбекистонни мавжуд ғариб аҳволдан олиб чиқиш, униннг фаровонлик даражасини кескин оширишдир. Бу мақсад йўлида дунёга очилиш ҳам муҳим.

Ҳа, Алишер Усмонов ҳам жуда яхши биладики, бугунги асосий мақсадга эришиш учун авваламбор мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш шарт. Шу йўналишда ишлар бошланса, Ўзбекистон дунёга ўз-ўзидан очилади.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, Алишер Усмонов ўзининг ватани Ўзбекистонга шу йўналишда ёрдам бермоқчи ва беради. Аммо, унинг интервьюсидаги асосий нуқта – унинг қуйидаги сўзларидир: “Мен Ўзбекистонга ҳар қанда ёрдам беришга тайёрман ва ёрдам бермоқдаман. Бугунги кундаги менинг ролим – маслаҳатлар бериш, консультация бериш ва ҳайрия лойиҳаларидир.”

Маслаҳат ва консультациялар бериш ҳам муҳим, аммо Алишер Усмоновдек бой одам учун ҳайрия лойиҳалари – садақа беришдан бошқа нарса эмас-ку.

Айни замонда, у Reuters мухбирининг Ўзбекистонга қанча сармоя (инвестиция) киритиш истагингиз бор саволига жавоб беришдан қочиб, “Қанча қилолсам, шунча” дейиш билан чекланган. Алишер Усмоновнинг бойлиги ($15,2 млрд) Ўзбекистоннинг 2018 йилга мўлжалланган Давлат бюджетидан ($7,69 млрд) 2 баравар кўплигини ҳисобга олсак, унинг Ўзбекистонга ёрдам бериш имкониятлари жуда кўп, аммо у буни истамайди. Нимага?

Ҳа, нимага? Ақлли одам учун бундай саволга жавоб аниқ: “Ҳаромий диктатор Ислом Каримни “отам” деб айтаётган Шавкат Мирзиёнинг Ўзбекистнни демократиялаштириш, майда-чуйда хусусий тадбиркорлик билан чекланмасдан, тўла бозор иқтисодиётга ўтказиш нияти йўқлиги кўриниб бўлди, шундай экан, Ўзбекистонга инвестиция (сармоя) киритиб, сармоя (инвестиция) порахўрлик ва коррупция ботқоғида йўқ бўлаётганини тамоша қилиб ўтиришни ҳеч ким истамайди.”

Шу билан, Алишер Усмонов Ўзбекистоннинг янги диктатори олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қуватламаслиги тўла маълум бўлди.

Аммо, у ўзининг жияни Шавкат Мирзиёнинг хотинини жияни билан бирга бўлган пайтда ўрнатилган дўстона алоқаларнинг ҳурмати учун бўлса керак, Шавкат Мирзиёнинг баъзи ишларини олқишлаган. Жумладан, у ҳорижий валюталарнинг конвертацясини назарда тутиб. Reuters мухбирига шундай деган эди: “Ҳозирги раҳбарият олиб бораётган молиявий ислоҳотларнинг жасоратини жуда ҳурмат қиламан. Кўп мамлакатларда бўлгани каби, бунга 3-5 йил керак деб ўйлардим. Аммо бу ерда 1 йил ичида қилинди. Илгари ҳамма Ўзбекистонга сармоя киритишга қўрқарди, чунки даромадларни қайтариб олиш механизми йўқ эди (Валюта конвертацияси йўқлиги назарда тутилмоқда – “Ҳаракат”). Бугунги кунда бу муаммо қонун нуқтаи назаридан деярли ҳал қилинмоқда.” Reuters мухбири Шавкат Мирзиё давлат мулкини хусусийлаштиришни режалаштираётганини ҳам қўшиб қўйган.

Ҳа, Алишер Усмоновнинг бу сўзлари Шавкат Мирзиёга илтифот кўрсатишдан бошқа нарса эмасди. Аслида, у биздан яхши биладики, Ўзбекистондек қашшоқ давлатда чет эл валюталарини эркин конвертацияга қўйиш учун, авваламбор, иқтисодиётни тиклаш керак, бунинг учун 3-5 йил ҳам кам. Демак, иқтисодиёт ва молия деган нарсаларни ҳам тушунмайдиган Шавкат Мирзиёнинг валюталарни конвертация қилиш қарори масхарабозликдан бошқа нарса эмас ва иқтисодиёт юксалмагунча амалда ишлай олмаяпти ва ишлай олмайди.

Хуллас, хулоса шундан иборатки, Алишер Усмонов она ватани учун ҳамма нарса қилишга тайёр, аммо Шавакт Мирзиё Ўзбекистон учун ҳаётий бўлган ислоҳотларни қилаётгани йўқ ва қилмоқчи ҳам эмаслигини кўриб турибди, шу сабабли, минг афсуски, ҳайриячиликдан (яъни, садақачиликдан) бошқа ҳеч нарса қилмоқчи эмас.

Аслида, Алишер Усмонов учун ягона йўл – демократик мухолифат билан ҳамкорлик қилишдир. Аммо, Россияда диктатор Путин ҳокимиятда экан, унинг малайи Шавкат Мирзиёга мухолифатчилик қилаётган демократлар билан яқинлашишга Алишер Усмонов журъат этолмайди.