12 January 2018
20:32 - Россияда 4 нафар ҳамюртимиз ҳалок бўлди, яна бирининг аҳволи оғир
Россиянинг Рязань области Ряжский районида 11 январга ўтар кечаси 4 нафар ҳамюртимиз ис газидан заҳарланиб ўлди. Ўрис матбуотига кўра, қурбон бўлганлар Шереметьево қишлоғидаги маҳаллий фермада ишлашган.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги Консуллик бошқармаси ҳамюртларимизнинг исми-шарифини эълон қилди: Самадов Панжи Норсоатович, 1966 йилда туғилган, Сурхондарё вилоят, Денов туманидан; Пазилов Ўрмонжон Нумонович, 1966 йилда туғилган, Андижон вилоят, Жалақудуқ туманидан; Мирзожонов Алижон Юлдошович, 1969 йилда туғилган, Андижон вилоят, Қўрғонтепа туманидан; Хайитов Самат Илмуратович, 1981 йилда туғилган, Навоий вилоят, Навбаҳор туманидан.

Яна бир ҳамюртимиз Саидов Шерхон Мухаммадович (1990 йилда туғилган, Бухоро вилоят, Ғиждувон туманидан) эса Ряжский туман касалхонасида оғир аҳволда ётибди. Айтилишича, Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ёрдам кўрсатиш учун воқеа содир бўлган жойга жўнаб кетган.