06 December 2017
01:04 - Президент Ашраф Ғани расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди, шартномалар имзоланмоқда, Афғонистонда ўзбек мактаблари очиладими?

Кеча расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Афғонистон президенти Ашраф Ғани етакчилигидаги расмий делегация Ўзбекистон томони билан турли соҳаларда битимлар имзолади. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда шартномаларнинг умумй қиймати 500 миллион АҚШ долларидан кўпроқ.

Кўксаройдаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиё ва Ашраф Ғани Ўзбекистон ва Афғонистон президентларининг Қўшма баёнотини имзоладилар, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати. Баёнотда хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар ўртаниш кўзда тутилган.

Ўзбекистон режимининг қўғирчоқ ахборот воситалари Тошкент ва Кобул ўртасида биринчи марта тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилгани, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш ҳақида келишилгани, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 25 дона "Isuzu" русумли автобус ва “New Holland” маркали 3 та трактор биродар Афғонистонга ҳадя этилганига асосланиб, Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларида янги саҳифа очилганини урғуламоқдалар.

Табиий, бундай нарсалар ҳам олқишланиши керак, аммо улар стратегик аҳамиятга эга эмас. Эътиборни бошқа жиддий муаммоларга ҳам қаратиш лозим. Масалан, 5-6 миллион ўзбек яшайдиган Афғонистонда битта ҳам ўзбек макатаби ёки синфи йўқ. Шавкат Мирзиё ўзбек миллатини ҳам ўйласа, Афғонистонда ўзбек тилида дарс бериладиган мактаблар очиш масаласини кун тартибига олиб чиқиши керак эди. Кўрамиз, балки, у бу масалани бугун кўтарар.