02 December 2017
18:52 - Чет элдаги ватандошлар масаласида Владимир Путин ҳам “Бирлик”нинг йўлига ўтмоқда
Кремлнинг расмий сайтига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, Россия Президенти Владимир Путин чет элдаги россияликларни ҳуқуқий ва самарали ҳимоя қилиш хусусида тавсиялар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган махсус гуруҳ тузиш ҳақида Ташқи Ишлар Вазирлигига топшириқ берибди. Топшириқни бажариш муддати 2018 йил 30 март.

Эслатиб ўтиш керакки, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат бундан 20 йил аввал яқин орада юз минглаб, балки, миллионлаб ўзбеклар иш қидириб Россия ва бошқа мамлакатларга кетишларини олдиндан башорат қилиб, Ўзбекистон ҳукумати уларга ёрдам бериш устида ишлашга тайёрланиши кераклигини айтганди. Кейинчалик ҳамма нарса у башорат қилгандек бўлди, ўзбеклар ҳамма ерда ҳуқуқий ҳимоясиз қолдилар. Абдураҳим Пўлат 2008 йили ўша пайтдаги Президент Ислом Каримга хат ёзиб, бундай масалалар билан шуғулланувчи вазирлик тузишни ва биринчи вазир этиб “Бирлик” лидерларидан бири, собиқ СССР халқ депутати Пўлат Охунни тайинлашни тавсия қилди, аммо тавсиялар бажарилмади.

Шавкат Мирзиё ҳокимиятга келгандан кейин, вазирлик бўлмаса ҳам, Абдураҳим Пўлат айтган масалалар билан шуғулланадиган Агентлик тузилган эди. Мана, энди, Владимир Путин ҳам шу йўлга ўтибди.

Нима ҳам дердик, офарин “Бирлик” ва унинг ҳамма нарсани аввалдан бошорат қилоладиган лидери Абдураҳим Пўлат.