14 November 2017
20:11 - Жуда қизиқ: Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Тошкентга келади
Эрон матбуотининг ёзишича, президент Ҳасан Руҳоний бошчилигидаги мазкур мамлакат делегацияси расмий ташриф билан Тошкентга келади. Бу ҳақда Эрон президентининг матбуот хизмати ўз мамлактининг ахборот воситаларига хабар берган. Хабарда айтилишича, ўтган дам олиш кунлари Самарқанддаги минтақавий хавфсизликка бағишланган халқаро конференцияда қатнашган Эрон Ташқи Ишлар Вазири Муҳаммад Жавод Зариф Ўзбекистон президенти Шавакт Мирзиë ва Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комил билан учрашувларда бу ҳақда таклиф олган.

Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг Ўзбекистонга сафар давомида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор келишувларнинг имзоланиши режаланган. Ўз баëнотида Эрон расмийлари Ўзбекистон билан муносабатларда янги давр бошланганини таъкидлашмоқда.

Аслида, дейди мухбиримиз, Эрон президентининг Ўзбекистонга келиши ноодий воқеа эмас, Эрон яқин қўшнимиз, тарихимиз ва маданиятимиз асослари бир. Аммо, ҳозир дунёда бўлаётган мураккаб жараёнларни ҳисобга олиб тахмин қилиш мумкинки, Ҳасан Руҳонийни Ўзбекистонга таклиф қилиш ҳақида азалий душмани Эрон билан Сурия масаласида қучоқлашиш йўлига ўтган Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон маслаҳат берган.