04 September 2017
21:36 - Шавкат Мирзиё: 16 минг диндорни “Қора рўйхат”дан чиқардик.“Ҳаракат”: Бу ва бошқа мусулмонларни тўғри йўлга солиш учун Ислом динида ислоҳотлар ўтказиш шарт
“Uzbekiston-24” телеканали маълумотига кўра, Президент Шавкат Мирзиё 1 сентябрь – Ҳайит байрами куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташрифи чоғида Ўзбекистонда “диний-экстремист оқим аъзолари рўйхати”да бўлган 17 минг одамдан 16 минг нафари бу рўйхатдан ўчирилгани ҳақида гапирган. Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасида имом-хатиблар билан сўзлашган президент “қора рўйхат”дан чиқарилиб, нормал ҳаёт тарзига қайтган диндорларнинг ҳозирча 9,5 минг нафари иш билан таъминланганини ҳам айтибди.

“Диний оқимда турганлардан биз мана 16 мингини яна бир марта улар билан суҳбатлашиб, ҳаётини билиб, уларни диний оқим рўйхатидан чиқардик. Лекин, уларни ташлаб қўйиш нотўғри бўлади. Энди шу 16 минг одамни тарбия қилишимиз, жамиятимизга киргизишимиз керак” деган Шавкат Мирзиё.

Шавкат Мизиё мутлақо ҳақ, биз ҳамма янглиш йўлга тушиб қолганларга ёрдам беришимиз, уларни тўғри йўлга солиш устида доим ўйлашимиз керак, дейди мухбиримиз. Лекин, ...

Ўзбеклар биладиларки, ҳамма нарса “лекин”дан кейин бошланади.

Лекин, шуни очиқча, ва балки, жаҳонда биринчи бўлиб, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат айтган, “Ҳаракат” уларни такрорлайди: Бу 16 минг диндорнинг, ҳали рўйхатда қолган 1 минг кишининг ҳам, ИШИД каби террористик ташкилотларга бориб қўшилган мусулмонларнинг ҳам, айниқа, ёшларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Айб - бир маҳаллар Қуръонни хато тафсир қилган Ислом олимлари ва ҳозиргача ўша хато тафсирдан келиб чиқувчи тушунчаларни мусулмонларга тиқиштириаётган Ислом уламоларидадир. Айнан ўшалар ёшларимизни террористик ташкилотларга боришга рағбатлантирувчи дарслар бериш билан машғуллар.

Агар ёшларимиз давлат исломий ёки бошқача диний бўлолмаслигини, бу дунёда Оллоҳ берган ақл билан яшаш кераклигини, мусулмонларнинг асосий шиори “Ҳамма нарсада Оллоҳдан” эмас, “Биздан ҳаракат – Оллоҳдан баракат” эканлигини, бошқа динга мансублар “кофир” эмас, ўз эътиқоди билан яшаётган ягона Тангрининг бандалари эканлигини, секин-аста ҳамма Ислом динини қабул қилади деган тушунча хато эканлигини тушуниб етсалар, ислом терроризми ўз-ўзидан тугайди.

Демак, Ислом дини инқилобий, фундаментал ислоҳотларга муҳтож. Ҳозир мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги, биринчи навбатда, Ислом уламолари, бундай ислоҳотларга тайёр эмасликларини назарда тутиб, инсониятнинг прогрессив қисми, жумладан, сиёсатчилар уларга ёрдам беришлари керак. Сиёсатчи Шавкат Мирзиё ҳам шундай қилиш ниятида деб умид қиламиз. Акс ҳолда, бу 16 минг рўйхатдан чиқарилганларни қўйиб туринг, бошқа миллионлаб ўзбекистонлик мусулмонлар ИШИДга қўшилиш орзуси билан яшайверадилар. ИШИД йўқ қилинса ҳам, унинг ўрнига келиши табиий бўлган бошқа оқимларга қўшилаверадилар.