04 September 2017
20:13 - Ўзбекистон ҳукумати ёш болалар ўйини билан “қора бозор”ни бутунлай йўқ қилмоқчи, аслида иқтисодда ислоҳотлар лозим
5 сентябрдан эътиборан мамлакатимиз ҳудудида хорижий валюта билан муомала қилишга мутлақо чек қўйилади. Хорижий валютанинг банкдан ташқари айланмаси, яъни “қора бозор”лар ва саррофлик фаолияти таъқиб қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси, Давлат Солиқ Қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд валюта билан ноқонуний муомала қилиш ва операциялар ўтказишнинг олдини олиш учун амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак.

Фармонга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга тижорат банкларининг конверсион бўлимлари орқали чекланмаган миқдорда валюта харид қилиш ҳамда сотиш имконияти тақдим этилади. Банкдан харид қилинган валюта маблағлари конверсион халқаро пластик карталарга ўтказиб берилади ва ундан фақат чет элларда чекловларсиз фойдаланиш мумкин. Мамлакат ҳудудида эса барча ҳисоб-китоблар миллий валюта - сўмда амалга оширилади.

Бугун ҳукуматнинг мазкур қарори “қора бозор”ни алғов-далғов ҳолатга туширди. Хусусун, кечга бориб, АҚШ долларининг қиймати 7300 сўмгача тушди. Кўпчилик саррофлар фаолиятини тугатганини эълон қилишмоқда.

Аммо, дейди мухбиримиз бу соҳанинг усталарига асосланиб, қора бозор вақтинча бекилиши мумкин. Лекин тушуниш керакки, Шавкат Мирзиёнинг бугунги фармони билан “сўм” девальвация қилинди, ҳамманинг ойлиги тахминан 2 бараварга тушди. Иқтисодда аҳвол ўзгармас экан, “сўм”нинг қиймати энди эскисидан ҳам тезроқ тушаверади ва уни тўхтамасдан девальвация қилаверишга тўғри келади, яъни, "сўм" оддий қоғозга айланаверади. Табиий, Шавкат Мирзиё тўхтовсиз девальвация қилишдан, тўғрироғи, халқнинг ғазабидан қўрқиб, бундай қилмайди, демак, тезда “қора бозар” яна саҳнага чиқади.