21 July 2017
22:42 - Шавкат Мирзиё кўплаб амалдорларни ишдан олди
Бугун Тошкент вилоятига сафари давомида президент Шавкат Мирзиё бир қатор амалдорларни ишдан бўшатди. Тўйтепа шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида Шавкат Мирзиёев раислигида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда Ангрен ва Оҳангарон ҳокимлари Иброҳим Раҳмон ва Рустам Убайдулла лавозимларидан олиндилар. Шунингдек, Марказий Банкнинг Тошкент вилояти Бош бошқармаси раҳбари Бахтиёр Отамурод ва вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси раҳбари Ботир Аҳмад ҳам ишдан кетган.

Шунингдек, президент Давлат Санитария-эпидемиология Назорати Марказининг вилоят бўлими раҳбарини, Ўрта Чирчиқ ва Пскент туманларининг прокурорлари ва ИИВ бошлиқларини лавозимдан озод этган. Амалдорлар бепарволиги, масъулиятсизлиги ва ишга совуққонлик билан қараши сабаб ишдан бўшатилибди.