03 April 2017
20:28 - Шавкат Мирзиё Ислом Каримнинг сиёсатига қарши чиқмоқдими, ёки ҳаммани ўша сиёсатни давом эттиришга тортмоқчими?

Шавкат Мирзиёнинг бугунги фармонига кўра, давлат органлари вакиллари "Халқ билан мулоқот йили" давлат дастури доирасида мунтазам равишда телевидениедаги дастурларда иштирок этиши лозим. Ҳужжатга мувофиқ, давлат органлари, ихтисослашган муассасалар ва жамоатчилик ташкилотларига йилнинг иккинчи ярмидан мансабдор шахслар иштирокида марказий ва маҳаллий телеканалларда ҳамкорликда кўрсатувлар тайёрлаш топшириғи берилган.

Таъкидланишича, теледастурлар мавзулари очиқ мулоқотни йўлга қўйишдаги долзарб масалалар, давлат тузилмаларининг аҳоли ва фуқаролик институтлари билан ҳамкорлиги, ёш авлодни қонунга, умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари муҳокамасига бағишланган бўлади.

Бир қарашда, бундай фармондан сўнг марҳум Ислом Карим гўрида тикка турмайдими, деган савол туғилиши керак, дейди мухбиримиз. Боиси Ислом Карим даврида ТВда кўриниш берган бирор раҳбар камида ишдан кетарди. Айнан шу сиёсатнинг ижрочиларидан бири бўлган Шавкат Мирзиёни Ислом Карим ўлмагунича кенг жамоатчилик кўрган эмасди ҳисоб.

Ҳозир Ўзбекистонда Ислом Карим яратган масхарабозлик тугагани йўқ. Демак, Шавкат Мирзиёнинг мақсади – бу масхарабозликни якка ўзи эмас, ҳамманинг иштирокида давом эттириш, бутун Ўзбекистонни масхарабозлик саҳнасига айлантириш эмасмикан?