10 March 2017
22:07 - Фойдаси йўқ яхши хабар: Европанинг йирик молия институти Ўзбекистонга қайтмоқчи, аммо ғариб аҳволимиз тузалмайди
Reuters агентлиги хабарига кўра, Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки Ўзбекистон билан ҳамкорликни тиклаш имкониятларини ўрганмоқда. Шу йилнинг 8 март куни ЕТТБ директорлари кенгаши ушбу масалани кўриб чиққан. “Бу Ўзбекистон учун яхши сигнал бўлиши мумкин”, дейди Reuters агентлиги.

Март ойи охирида ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистонга ташриф буюриши ва бу ҳамкорлик тикланишидаги муҳим қадамга айланиши мумкин. Февраль ойининг биринчи ярмида ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича ижроий директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифини амалга оширганди. Банк етакчи мутахассисларидан иборат 10 кишилик делегация Тошкентда 5 кун давомида бош вазир, ташқи ишлар вазири ва бошқа вазирлар билан учрашувлар ўтказди.

Ҳозирги кунда эса ЕТТБнинг Ўзбекистондаги фаолияти умумий ҳисоби бор-йўғи 8 миллион долларлик 5та лойиҳани қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб қолмоқда.

ЕТТБнинг бизга қайтиши ростдан ҳам яхши хабар. Аммо, айтавериб чарчаганимиздек, Ўзбекистонда фундаментал ислоҳотлар ўтказилмаса, жаҳоннинг ҳамма банклари келиб ҳам, ғариб аҳволимизни тузатолмайдилар.