12 March 2017
20:31 - Россия-Туркия-Ғарб муносабатлари аянчли ва ғариб аҳволда. Ўзбекларга нима?
Аслида, “аянчли” ва “ғариб” сўзларининг маъноси сал кам бир хил. Уларнинг асосий фарқи, “ғариб” сўзи арабча эканлигидир. Шундай экан, Россия-Туркия-Ғарб муносабатлари қанчалик аянчли ва ғариб аҳволда эканлигининг энг яхши ва энг охирги, бунинг устига, ҳам ўзбекча, ҳам арабча кўрсатгичи - Туркия Президенти Ражаб Эрдўғоннинг 10 март куни Россияга қилган сафаридир.

НАТО аъзоси бўлган Туркия раҳбари НАТОнинг Совет замонидан кейин қайтадан бош душманига айланиб бораётган Россия раҳабари билан бунчалик яқинлашиш йўлидан кетиши ҳеч ақлга сиғмайдиган нарсадир. Россия Қримни тўғридан-тўғри, Донбассни эса феълан босиб олганда Украина тарафида бўлган, бор-йўғи 1 йилу 4 ой илгари Сурия-Туркия чегарасида Россия ҳарбий учоғини уриб туширган ва Россия билан сал кам уруш арафисига келган Туркия, энди ҳеч нарса бўлмагандек, Россия билан стратегик ҳамкорлик йўлига ўтгани, балки, Туркиянинг ўз манфаатлари нуқтаи назаридан тўғридир. Аммо, Ғарб буни кечирадими?

Хуллас, Россия ва Туркия матбуотининг хабарларига кўра, бу икки мамлакатнинг президентлари Владимир Путин ва Ражаб Эрдўғон икки мамлакат ўртасидаги алоқалар нормаллашганини тан олиб, стратегик ҳамкорликни ривожлантириш йўлида катта қадамлар қилишга келишдилар. Россия ўз учоғи уриб туширилгандан кейин Туркияга қарши киритилган санкцияларнинг кўпчилигини бекор қилиб бўлганди, қолганларини ҳам бекор қилишга ваъда берибди. Тез йилларда бу икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 100 млрд долларга чиқиши кутилмоқда. Туркия ўз фуқаролари учун Россияга визасиз кириш рухсати берилишини сўрамоқда ва ижобий натижа бўлишига ишонмоқда. Туркия Россиядан ўзига СС-400 зенит ракеталари сотишни сўрамоқда. Ваҳоланки, Туркия НАТО аъзоси ва бу альянс ичида умумий қурол системасига эга бўлиши шарт. Демак, Туркия НАТОдан чиқишни ўйламоқдами?

Ҳозир Эрон Россиянинг Яқин Шарқдаги стратегик ҳамкорига айланиб бўлди, демак, Россия истаса-истамаса, Яқин Шарқда шиалар ҳукмронлигини ўртнатиш йўлидан кетишга мажбур. Туркия Эрон билан яқинлашиша ўтса, асосан суннийлардан иборат Араб давлатлари билан алоқалари бузилади. Шу пайтгача Ражаб Эрдўғон Турк Дунёсини унутиб, Араб Дунёсида ҳам лидерлик қилиш, вақти келиб Халифаликни тиклаш ва Халифа бўлиш ҳаёли билан яшаётганга ўхшарди. Буёғи нима бўлади? Ва яна ўша савол: НАТО Туркиянинг ўзидан узоқлашишини кечирадитми? Кечирмаса, Туркия Ғарбсиз яшай оладими?

Европа Иттифоқида Туркияга қарши кайфият ҳозир ўта тезлик билан ортиб бормоқда. Туркиянинг ўз фуқаролари учун ЕИдан визасиз бориш рухсати олиш нияти амалга ошмаслиги, Туркия энди ЕИга аъзо бўлолмаслиги ўз-ўзидан маълум.

Кеча Голландияда бўлган воқеаларга қаранг. У ердаги Туркия ватандошлари билан 15 апрелда Туркияда бўладиган референдум масаласида учрашув ўтказиш мақсадида кеча Голландияга бориши аввалдан режалаштирилган Туркия Ташқи Ишлар Вазири Meвлут Човушўғлининг учоғи қабул қилинмаслиги Голландия тарафидан эълон қилди. Ражаб Эрдўғон Голландия ҳукуматининг бу қарорини фашизмдан қолган касаллик аломати деб қоралади.

Шу кунларда Германияда сафарда бўлган Туркиянинг Оила ва Ижтимоий Сиёсатлар Вазири Фатма Саян Кая автомобиль билан Голландия ўтиб, Туркия ватандошлари билан Роттердамда бўладиган учрашувни ўзи ўтказмоқчи бўлди. Аммо, Голландия полицияси уни анчагина қўполлик билан ушлаб, орқага қайтариб юборди. Германияга қайтиб, кейин учоқда Истанбулга келган Фатма Саян Кая бу ерда Отатурк аэропортида ўзини кутиб олган Туркиянинг Энергия ва Табиий Бойликлар Вазири, Ражаб Эрдўғоннинг куёви Барот Албайроқ билан биргаликда журналистлар билан учрашди. Икки вазир Ғарбга қарши қўлларидан келганча ҳақоратлар ёғдирдилар.

Адолат учун айтиш керакки, апрель ойида Туркияда ўтказиладиган референдум Туркиянинг ички иши. Бу референдум олдидан ҳамма партиялар турли табдирлар ўтказмоқдалар. Аммо, бошқа бир мамлакатнинг рухсатисиз бундай тадбирларни ўша мамлакатда ўтказишга Туркиянинг ҳаққи йўқ. Бу оддий халқаро норма-ку.

Хўш, нима учун бу хабарнинг сарлавҳасига “Ўзбекларга нима?” саволини қўшдик, дейди мухбиримиз. Гап шундаки, Туркия очиқчасига исломлашиш йўлидан кетиб ва Ғарбдан узоқлашиб, Россия билан яқинлашиши узоқ вақт давом этолмайди. Чунки, Путин Эрдўғон билан вақтинча яқинлашмоқда. Стратегик яқинлашиш бўлолмайди, чунки, бундай яқинлашиш Россиядаги мусулмонларни, тўғрироғи, исломий экстремист ва террористларни рағбатлантиради. Қолаверса, Россиянинг ўзи Ғарбнинг санкицяларидан бутун чиқиши савол остида. Энди Туркиянинг келажаги ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда. Бу кетишда Туркия парчланиб кетишининг эҳтимоллиги жуда катта.

Бизга нима, деб ўйлайдиган ўзбекларга эслатиш керакки, ҳеч нарса ўзгармаса, ҳозир дунёда бўлаётган бу машмашалардан, АҚШ ва Ғарбий Европада бўлаётган ички машмашаларни ҳам ҳисобга олмоқдамиз, Хитой ғалаба билан чиқади. Россиядан қутилиб, Хитойнинг вассалига, балки, замонавий мустамлакасига айланишга тайёрланаверишимиз керакми?

Ўзбеклар, кўзингизни очинг, Ўзбекистонни ўзбек миллатининг бош душмани, тожик аслли ҳаромий Ислом Карим онгли равишда яратган яккамоховликдан чиқариб, Турк Дунёси, биринчи навбатда, Туркистонда лидерлик қиладиган, дунёнинг сиёсат майдонида кучли роль ўйнайдиган давлатга айлантириш, бунинг учун авваламбор ўзбекларнинг миллат сифатини тиклаш, чўкаётган иқтисодимизни оёққа қўйиш устида ўйланг.