08 March 2017
22:53 - Навбатдаги Халифалик йўқ бўлди ҳисоб, бечора Халифа қочиб юрибди

Аслида турклар ўрта асрларда босиб олган ҳудудларни бирлаштирувчи Усмонли Императорлиги тарихдаги охирги Халифалик ҳисобланарди. Ғарб давлатлари Туркия қўли остидаги мамлакатларни биттама-битта босиб олишга бошлганларидан кейин, ўтган асрнинг 20-чи йилларида бу Халифаликда Туркиянинг ўзигина қолганди. Ғарбнинг Антанта номли коалицияси ҳозир Туркия давлати деб аталадиган ҳудудларни ҳам босиб олишга, юнонлар Истанбулни Константинопол қилиб қайтариб олишга тайёрланаётган пайтларида ўртага чиққан улуғ Отатурк қоғоздагина қолган Халифаликни бекор қилиб, Туркиянинг мустақиллигини сақлаб қолди.

Мана орадан 100 йил ўтиб, Сурия ва Ироқ ҳудудларида навбатдаги Халифаликнинг асослари яратилишга бошланди. Халифа сифатида қандайдир Абу Бакр ал-Боғдодий ўртага чиқди. Бу Халифалик узоққа боролмаслигини ақли ишлайдиганлар дарҳол тахмин қилдилар. Масалан, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 2015 йилнинг бошида АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Барак Обамага йўллаган хатида бу Халифалик тезда йўқ бўлишини башорат қилган эди.

Мана, охирги хабарлардан кўриниб турибдики, бу Халифаликнинг Сурия ва Ироқдаги асосий шаҳарлари ИШИДдан тозаланди. Халифа Абу Бакр ал-Боғдодий эса, Ироқ чўлларига қочиб кетибди. У бечора Халифаликниннг пойтахти ҳисобланадиган, ҳали Россия ва Эрон ёрдамида оёқда турган Сурия қўшинлари босиб олишга улгурмаган Раккага ҳам боришдан қўрқса керак. Ғарбда тарқатилаётган хабарларга кўра, у ҳар куни у ердан бу ерга қочиб кун кечираётган эмиш. Тезда у қўлга тушиши ёки ўзини ўзи ўлдириши муқаррар.

Ислом дунёси ҳозирги ғариб аҳволдан чиқиши учун Ислом динида фундаментал ислоҳотлар лозимлигини ҳам айтаётган Абдураҳим Пўлат, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олиши кераклигини урғуламоқда. Ўшандагина ҳозир қолоқ ва қашшоқ бўлган Ислом дунёси ривожланиш йўлига ўтади, Халифалик каби тушунчалар ўз-ўзидан йўқ бўлади.