02 March 2017
16:24 - Ислом дунёсининг ғариблиги: Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг XIII Саммитига Ўзбекистондан ким боргани ҳам номаълум, Эрдўған эса хотини билан борибди

1985 йили Эрон, Туркия ва Покистон тарафидан қурилиб, кейинчалик Афғонистон, Озарбайжон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонни ҳам ўз ичига олган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг XIII Саммити кеча Покистоннинг пойтахти Исломободда бўлиб ўтди. Бир кун аввал эса, ташкилотга кирувчи мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг ҳам йиғилиши бўлибди. Қоғоздагина бор бўлган бу ташкилотнинг саммити у ерга келган давлат лидерларининг ўзаро учрашувлари нуқтаи назаридангина ҳаммани қизиқтирди.

Туркия ахборот воситаларидаги хабарлардан маълум бўлишича, Покистонга хотини Эмина Эрдўған, Энергия ва Табиий Бойликлар вазири бўлган куёви Барот Албайроқ ва яна 4 вазири билан келган Туркия Президенти Ражаб Эрдўған саммит доирасида Эрон, Покистон, Озорбайжон, Туркманистон ва Тожикистон президентлари билан учрашган. Туркия Президентининг бундай йиғилишга хотини билан боргани ҳам мантиқсизликдир. Ахир мусулмон аёл номаҳрамлар олдига чиқишга ҳаққи ҳам йўқ-ку.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистондан бу саммитда иштирок этиш учун қайси даражадаги вакил келганини хабарлардан тополмадик. Ҳар қандай йиғилишларга ҳаммадан олдин бориб оладиган Нурсултон Назарбойга нима бўлганини тушуниш қийин, аммо Шавкат Мирзиё Ислом Каримнинг яккамоховлик сиёсатини давом эттирмоқчими, деган савол туғилиши ҳам табиийдир.

XII саммит 2012 йили Бокуда бўлиб ўтган ва ташкилотнинг раиси ўшандан бери Озорбайжон бўлган. Энди раислик Покистонга ўтди.

Туркиянинг расмий давлат агентлиги Анадолу тарқатган расмда 11 киши бор. Ваҳолангки, бу ташкилотдаги аъзоларнинг сони 10 та. 11-чи одам ким эканлиги айтилмаган. Аммо, Ражаб Эрдўғаннинг бир тарафида Эрон Президенти Ҳасан Руҳони, иккинчи тарафида Тожикистон Президенти Имомлари Раҳмон тургани урғуланган. Аслида, ундай эмас, Имомали Раҳмон бутунлай бошқа тарафда. Ўзбекстоннинг вакили кимлигини ҳам билиб бўлмайди.

Расмни каттароқ қилиб кўриш учун, уни курсор билан босинг.