02 March 2017
19:38 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Урлаева шифохонага ётқизилди, президентнинг жияни Жамшид Карим у ердан озод қилинди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси деб аталадиган гуруҳ етакчиси Елена Урлаева кеча, 1 мартда мажбурий тарзда Тошкентдаги руҳий касаллликлар шифохонасига ётқизилди. Бу ҳақда Елена Урлаеванинг ҳимоя қилаётган ҳуқуқшунос Камолиддин Зиётов оммавий ахборот воситаларига маълум қилди. Сўнгги марта Урлаева 2016 йил март ойида руҳий шифохонага ётқизилиб, уч ойдан сўнг озод этилганди. Бу ҳол 56 яшар ҳуқуқ ҳимоячиси билан 2000 йилдан бери давомли такрорланмоқда.

Айни замонда, 1 март куни Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасида 2012 йилдан бери мажбурий даволанган журналист Жамшид Карим озод қилинди. У марҳум Ислом Каримнинг акаси Арслон Каримнинг ўғли. Бу ҳақидаги янгиликни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг сўз эркинлиги бўйича вакиллари эълон қилди. Бу йигит ўз вақтида амакиси Ислом Каримни кескин танқид қилиб чиққан ва сўнг касалхонага мажбурий ётқизилганди.