05 February 2017
20:48 - Келажаги йўқ коммунистик тузум ҳаётда: Ўзбекистон ҳукумати ва Буюкбритания ширкати Тошкентда металлургия заводи қуришни бошладилар

Ўзбекистон ТВда намойиш этилган лавҳаларда Тошкент шаҳрининг Сергели туманига борган президент Шавкат Мирзиё металлургия заводи икки йил ичида қуриб битказилишини айтгани ҳам кўрсатилди. Завод қурилиши бошланишига бағишланган тадбирда иштирок этган президентга кўра, қарийб 100 гектар майдонни қамраган мазкур лойиҳага 278 миллион евро тикилмоқда. Буюк Британиянинг Quality Trade Supplies L.P. ширкати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа туфайли мингдан ортиқ одам иш билан таъминланади.

Завод ускуналари эса Италия, Германия, Австрия каби Европа давлатларидан келтирилиб, заводда автомобиллар учун метал листлар, маиший техника, метал черепица каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, ишга туширилгач, бу заводда камида минг одам иш билан таъминланиши айтилмоқда.

Ўз-ўзидан маълумки, бу завод Quality Trade Supplies L.P. ширкати билан ҳамкорликда Ўзбекистон давлати тарафидан қурилмоқда ва давлатники бўлади. Яъни, бизда дўконлар, майда-чуйда корхоналаргина хусусий тадбиркорларга тегишли эканини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда коммунистик тузум яшашни давом эттирмоқда. Бундай тузумнинг эса келажаги йўқ.

Сергелида қуриладиган заводда мингтача одам иш топармиш. Фақат Россияда ишлаётган мардиколаримизни Ўзбекистонга қайтариш учун минглаб бундай заводлар қуриш керак. Давлатнинг бунга кучи етмайди. Демак, авваломбор катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим раҳбарлигидаги тожиклар режими атайлаб қўйган тўсиқларни олиб ташлаш керак.

Баъзи ўқувчиларимизда ҳукуматнинг ҳар бир ишидан камчилик қидириш, яъни тирноқ остидан кир қидириш - “Ҳаракат”нинг касаллигидир, деган фикр пайдо бўлаётган бўлиши мумкин. Аммо, бу кир қидириш эмас, чунки, мавжуд режимнинг тирноқ ости - кўзи кўр бўлмаган ҳар қандай одам кўрадиган ахлатхонадир.

Шавкат Мирзиё бу ахлатхонани тозалиш ниятидами? Мана бу саволга жавоб берилиши керак. Аммо, ҳозирча жавоб йўқ.