05 February 2017
16:39 - Фойдасиз кадр алмаштиришларнинг навбатдагиси: Самарқанд шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг ўтган кунги навбатдан ташқари йиғилишида ташкилий масала кўрилди ва шаҳарга янги ҳоким тайинланди. Собиқ ҳоким Акбар Шукуровнинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан вилоятдаги Пастдарғом тумани ҳокими бўлиб келган Воҳид Раҳимов тайинланди. Бу одам 2013 йилда Пастдарғомга ҳоким бўлган, ундан аввал вилоят ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 24 декабрида президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокимини ҳам алмаштирганди. Ҳоким Зойир Мирзаев ўрнига Ургут тумани ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев вилоят ҳокими бўлган. Собиқ ҳоким Зойир Мирзаевни эса бош вазир ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири этиб тайинлаганди.

Ҳар қандай мамлакатда кадрлар алмаштириш оддий воқеа. Лекин ҳозир Ўзбекистонда каби дасталаб кадр алмаштириш янги президент ёки Бош вазир сайланган ёки тайинлангандан кейин бўлади. Ҳозирги Президент Шавкат Мирзиё аввалги президент замонида узоқ йиллардан бери Бош вазир бўлгани, яъни Ислом Каримнинг тақимидаги энг юксак лавозимда ўтирганини ҳисобга олсак, ҳозирги кадр алмаштиришларнинг ҳеч маъноси йўқ.

Тўғри, Ўзбекистонда ҳокимиятнинг ҳамма тармоқлари фундаментал ислоҳотларга муҳтож, аммо ислоҳотларни кадр алмаштириш билан қилиб бўлмайди. Шавкат Мирзиёнинг қилаётган иши – яроқсиз дарахтнинг баргларини алмаштириш билан дарахтни яроқли қиламан деб ўйлаётган одамнинг ишидир. Дарахтнинг илдизини ўзгартириш ёки янги дарахт экиш лозим.