13 January 2017
20:12 - Шавкат Мирзиё халқнинг китобхонлик даражасини оширмоқчи, аҳволимиз ғариблигига қаранг!
Кеча матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиши эълон қилинди. Фармойишдан кўзланган асосий мақсад аҳолининг китобхонлик даражасини ошириш ва китобга эътиборни кучайтириш эмиш.

Мазкур комиссия (Бош вазир Абдулла Арипов)га бир ой муддатда соҳа мутахассислари ва экспертларини кенг жалб қилган ҳолда, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олиб, қуйидаги масалаларни атрофлича ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш асосида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш топширилган.

Маълум бўлишича, ҳозирда мамлакатда 1 677 та матбаа корхонаси, 118 та нашриёт давлат рўйхатига олинган. Бир Миллий кутубхона, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс маркази томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари ҳамда “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари томонидан китоб савдоси хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.

Китоб – одамзод яратган энг катта маънавий бойликлардан биридир. Аммо, вақт ўтмоқда, кўп нарса ўзгармоқда, маънавий бойликларимизнинг шакли ўзгармоқда. Ўртага кино чиқди, мана энди Интернетнинг имкониятлари чексиз бўлиб бормоқда. Шундай замонда мамлакат президенти китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузишдек иш билан шуғулланиши ғариб аҳволимизни кўрсатувчи яна бир мисолдир. Ёки у ўзбеклар китоб нималигини билишмайди деб ўйлармикан?