12 January 2017
22:36 - Демократия ва ислом динига оид “Ҳаракат”га келган савол ва “Ҳаракат”нинг жавоби (Бироз кенгайтирилган вариант)

Ўқувчимиздан демократия ва ислом динига оид савол келгани ва унга жавоб берганимизга анча бўлди. Улар “Ҳаракат”нинг Фейсбукдаги саҳифасида турибди. Аммо, бўлаётган воқеалар кўрсатмоқдаки, бу каби савол ва жавобларнинг актуаллиги камаймаяпти, аксинча, ортмоқда. Шу фикрдан келиб чиқиб, ўша савол-жавобни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Савол Sardor Saidov исмли ўқувчимиздан келган, жавоб эса, Haqiqiy Хabar воситаси бўлган “Ҳаракат”ники.

Sardor Saidov: Ҳурматли Haqiqiy Хabar, ДЕМОКРАТИК сайловда ҳокимиятга келган Морсини (“Мусулмон-қардошлар” фаоли, собиқ Миср президенти Муҳаммад Мурси назарда тутилмоқда – “Ҳаракат”) ким йиқитди? Мусулмон биродарларини ҳокимятдан кетиши кимга (кимларга) керак эди? Морсига қарши намойишлар ва улар орқасидан келган ҳарбийларни ким дастаклади? Илтимос, фикр билдирсангиз. Морсига чиқарилган ўлим ҳукми ноябр ойларини ўрталарида бекор қилинган, адашмасам.

Haqiqiy Хabar: Ҳурматли Сардор Саидов! Саволларингиз мутлақо мантиқли. Буни киноясиз айтмоқдамиз. Шундай саволлар қўйишга ақли етган ўзбек борлигидан чексиз хурсандмиз. Қани энди, шу ва шу каби саволларга ислом мамлакатларидаги, жумладан, Ўзбекистондаги ахборот воситалари ҳам жавоб қидирсалар эди. Аммо, минг афсуски, Ислом дунёсида, Ўзбекистонда ҳам, бундай саволларни тушунадиган ва уларга жавоб қидириш савиясида бўлган ахборот воситалари йўқ. ББС, Озодлик, Америка Овози каби радиоларнинг ўзбек хизматлари ҳам шулар жумласидан.

Бу фундаментал саволларни, уларнинг остидаги фундаментал мавзуларни бу ерда қисқача муҳокама қилиш имкони ҳам йўқ. Бунинг учун китоблар ёзиш керак.

Агарда "Ҳаракат" (Ҳақиқий Хабар) сайтидаги материалларни кузатаётган бўлсангиз, Сиз берган саволларга бу ерда жавоб бор. Аммо, улар, минг афсуски, ўта тарқоқ ҳолда. Шундай бўлса ҳам, уларни жуда қисқа қилиб қуйидагича ифодалаш мумкин (Ҳақиқий Хабарнинг Фейсбукдаги хабарини бу ерда бироз кенгайтирдик):

"Бугунги Ислом дини ва демократия (демократия ичига Сиз айтаётган сайловлар ҳам киради) бирга яшай олмайди!!! Чунки, демократияларда дин эркинлиги кафотлатланади. Ислом динига эркинлик берилса, уч хотинлик, майда ўғриларниннг қўлини кесиш, каттароқ жиноятчиларни тўшбўрон қилиб ўлдириш ва ниҳоят давлат исломий бўлишига йўл беришга тўғри келадику!

Бундай динга йўл берилса, ҳар қандай сайловларда оддий мусулмонлар ислом динининг моҳиятини ҳам тушунмаган ҳолда, исломчилар учун овоз берадилар, исломчилар ҳокимиятга келса, секин-аста демократияни йўқ қилиб, шариатни тиклайдиларва Ислом дунёси ўрта асрларга қайтишга бошлайди. Туркия ҳозир секин бўлса ҳам, айнан шу йўлдан кетмоқда. Демак, Ислом динининг ҳозирги мавжуд тушунчалари бор экан, ислом давлатларида ҳақиқий демократия ва эркин сайловларга йўл қўйиб бўлмайди. Демократия ва эркин сайловларсиз эса, ҳеч қандай ривожланиш бўлиши мумкин эмас.

Бу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли борлигини инсоният тарихида биринчи бўлиб "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлат айтишга бошлади. Унга кўра, Ислом дунёсида демократияга йўл очиш учун, авваломбор, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш керак. Шу йўл билан диннинг ўзи сиёсатдан, давлатни бошқаришдан нарида туришни тан олишига эришилмаса, исломчиларни Мисрда бўлгани каби сиёсатдан куч билан узоқлаштиришга тўғри келаверади.

Муҳаммад Мурсига чиқарилган ўлим ҳукми бекор қилинган ёки қилинмагани ҳақида хабаримиз йўқ. Амо, 2016 йил 19 декабрь куни сайтимизда эълон қилинган “Тожикистионда 20 нафар имом “Мусулмон-қардошлар” тарафдори сифатида қамалди” сарлавҳали хабаримизда “Ҳозир бу ташкилот Мисрда тақиқланган. Унинг ҳозирги лидери Муҳаммад Бадига ва бу ташкилот ёрдамида Араб баҳори даврида президентликка сайланган, аммо 1 йилдан кейин ҳарбийлар тарафидан йиқитилган Муҳаммад Мурсига (расмда) ўлим жазоси ҳукми берилган, аммо бу жазо ҳали амалга оширилмаган” дейилганини эслатишимиз мумкин, холос.”