02 January 2017
10:05 - Қизиқ: Халқнинг ғами билан халқнинг жаллодларидан бири Турсинхан Худайбергенов шуғулланармиш

Шавкат Мирзиёнинг 28 декабрда имзолаган фармонига билан Турсинхан Худайбергенов исмли шахс (исмининг ёзилишига қаранг!!) Президентнинг фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинлангани 30 декабрь куни кечасига яқин маҳаллий қўғирчоқ ахборот воситалари тарафидан эълон қилинибди. “Ҳечдан кўра кеч” дейди халқимиз. Шундан келиб чиқиб, бу хабарни яна ҳам кеч бўлишига қарамасдан, биз ҳам тарқатмоқдамиз.

Кўринишидан ва исми-шарифининг ёзилишидан қозоқ миллатига мансуб бўлган Турсинхан Худайбергенов исмли шахснинг биографиясига қаранг. У 1951 йили туғилган, 1974 йили Тошкент педагогика институтини, 1982 йили СССР Ички Ишлар Вазирлигининг Академиясини битирган.

У 1974−1999 йилларда ИИВда ишлагани айтилади, гап қайси ИИВ ҳақида эканлиги тилга олинмаганидан тахмин қилиш мумкинки, у кўпроқ Ўзбекистондан ташқарида ишлаган. 1999−2001 йилларда Хоразм вилояти ИИБда турли лавозимларда фаолият кўрсатган, 2001−2006 йилларда Ислом Каримнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган, 2006−2010 йилларда эса Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи бўлган, 2010 йилдан шу кунларгача Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ўтирган.

Кўриб турибмизки, Турсинхан Худайбергенов педагогика институтини битиргандан бери аввал тоталитар СССРда, кейин ундан баттар тоталитар Ўзбекистонда тоталитар режимнинг қўриқчиси, тўғрироғи, жаллоди бўлган органларда ишлаган. У бечора “фуқароларнинг мурожаатлари, демократия” деган сўзларни ҳам билмаса керак.

Кўз олдингизга келтиринг, у энди фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Аслида, гап фуқароларнинг мурожаатлари эмас, шикоятлари ҳақида кетаётганини ҳисобга олсак, Турсинхан Худайбергенов шикоят қилган фуқароларнинг муаммолари билан эмас, уларнинг овозини бутун умрга ўчириш ҳаракати билан шуғулланишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.