21 March 2017
12:31 - Рустам Джўраев Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар Вазири, Абдураҳмон Абдувалиев Автомобиль Йўллари Давлат Қўмитаси Раиси этиб тайинланди

Кеча эълон қилинган хабарларга кўра, Ўзбекистон Президентининг 18 мартдаги фармони билан Рустам Джўраев Фавқулодда Вазиятлар Вазири, Абдураҳмон Абдувалиев (расмда) Автомобиль Йўллари Давлат Қўмитаси Раиси этиб тайинланибди.

Бунгача Рустам Джўраев Хоразм вилояти Фавқулодда Вазиятлар Бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, Абдураҳмон Абдувалиев эса автомобиль йўлларини қуриш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланадигна “Ўзавтойўл” Давлат акционерлик компанияси бошқаруви раиси бўлган.

ФВВнинг аввалги раҳбари Турсинхан Худайбергенов ўтган йилнинг декабридан Президентнинг фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказилганди. Шу пайтгача Автомобиль Йўллари Давлат Қўмитаси Раиси лавозимида ким ўтиргани, у энди қаерга жўнатилгани хабарларда тилга олинмайди.

Турсинхан Худайбергенов Президентнинг фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказилгани ҳақидаги 2017 йил 2 январда берилган хабаримизда бу шахснинг исми-шарифи қандай ёзилганига эътибор берган эдик. Энди Рустам Джўраевнинг исми-шарифи қандай ёзилганига қаранг. Куласизми, йиғлайсизми? Ёки Ўзбекистоннинг умумий аҳволидан келиб чиқиб, бундай майда-чуйда нарсаларга кўз юмганимиз яхшими?

Дарвоқе, янги тайинлашлар ҳақидаги хабарларда Абдураҳмон Абдувалиевнинг расми берилган, аммо Рустам Джўраевнинг расми йўқ.