20 July 2016
22:30 - Ўзбек ўзидан кўпаймоқда
Давлат статистика қўмитаси тарқтаган маълумотга кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси миқдори шу йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳолатига кўра 31,807 миллион кишидан ошиб кетган. Бу эса йил бошидан бери ўсишнинг 231,7 минг киши ёки 0,7 фоизга тенглигини ифода этади. Бу эса нисбатан тез жараён ҳисобланиб, яқин йилларда мамлакатда мавжуд ресурсларга нисбатан аҳоли миқдори кўпайишини билдиради.

Сўнгги 6 ойда мамлакатда 318 минг бола дунёга келибди, туғилиш коэффициенти 20,2 промиллени ташкил этди. Ўлим ҳолатлари ярим йилликда 73,9 мингни, ўлим коэффициенти эса 4,7 промиллени ташкил этди.

Қайд қилинган ўлим ҳолатларининг 59,7 фоизи юрак қон томир касалликлари, 8,6 фоизи ўсимталар, 5,5 фоизи ҳазм қилиш органлари хасталиклари, 6,3 фоизи нафас олиш органлари хасталиклари, 5,6 фоизи бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар туфайли келиб чиққан.

Ҳисобот даврида бир ёшга тўлмаган 3700 бола ўлими қайд этилди, болалар ўлими коэффициенти 10 промиллени ташкил этди. Бу болаларнинг 53,5 фоизи перинатал босқичдаги ҳолатлар туфайли, 24,4 фоизи нафас олиш органлари хасталиклари, 10,2 фоизи туғма нуқсонлар, 3 фоизи эса инфекцион ва паразитар хасталиклар туфайли оламдан ўтган.

Шунингдек, бу вақт ичида ФҲДЁ органларида 92,4 минг никоҳ ва 14,8 минг ажрашиш қайд этилибди.