24 May 2016
20:28 - Бувайдалик Ҳувайда момо 121 ёшини нишонлабди, нега бу воқеа жаҳон рекордлари рўйхатларида ўз аксини топмаяпти?
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Фарғона вилояти Бувайда туманида истиқомат қилиб келаётган Ҳувайда Умарова 121 ёшини нишонлабди. Фуқаролик паспортига кўра, 1895 йилда туғилган момо 3 асрни кўрган, аммо ҳамон тетик ва бардам. Албатта, паспортлаштириш даврида англашилмовчиликларга йўл қўйилгани ҳисобга олинса, момонинг асл ёши камроқ чиқар, аммо нима бўлганда ҳам табаррук ёшдаги онахон соғ бўлсинлар.

Ҳувайда момо ўзбек матбуотида тилга олинаётган табаррук ёшдаги учинчи аёлдир. Аввал хоразмлик Моможон Романованинг 119 ёшга тўлгани, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўлида яшаган Тўти момо Юсупованинг 129 ёшида вафот этгани хабар қилинганди.

Айтиш керакки, бизнинг момоларнинг Ўзбекистон ахборот воситаларида кўрсатилаётган ёшлари жаҳон рекордлари рўйхатларида келтирилаётган “кўрсаткич”лардан анчайин юқори, дейди мухбиримиз. Шундай экан, жаҳон рекордларини рўйхатга олиб борувчи ташкилотлар нимага Ислом Карим яратган гўзал ва фаровон ҳаётда шу ёшларга етиб борувчи ўзбекистонликлар борлигига эътибор беришмаяпти, деган савол туғилиши табиийдир. Ўзбекларнинг ўзи ҳам бундай саволларга жавоб қидириш ҳақида ўйлашлари керак эмасми?