24 May 2016
21:45 - Истанбулда Дунё Инсонпарварлик Саммитидан фойда чиқмади шеклилли, Ражаб Эрдўғон йиғи-сиғи қилмоқда, аммо масаланинг илдизига қарамаяпти
Истанбулда БМТ тарафидан ўтказилган икки кунлик Дунё Инсонпарварлик Саммити бугун ишини тамомларди. БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун ва Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон саммит битгандан кейин биргаликда матбуот конференцияси ўтказганлари Туркия ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Хабарларда Пан Ги Муннинг “сўнги 15 йил ичида инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлик 12 баравар ошиб, 245 милларда долларга чиқди, минг афсуски, дунёда кризислар давом этаверадиганга ўхшайди” деган сўзларигина келтирилган.

Аммо, хабарларнинг асосий қисми Ражаб Эрдўғоннинг саммитда ва матбуот конференциясида айтган гапларидан иборат.

Туркия Президенти инсонпарварлик ёрдами масаласи бўйича жаҳонда аҳволнинг ўта ёмонлиги, Ўртаер денгизида юзлаб-минглаб муҳожирлар чўкаётгани, ёш болаларнинг ўлиги қирғоқларга чиқиб урилаётгани каби ҳар қандай инсоннинг юрагини парчалайдиган воқеаларни тилга олибди ва бу ҳақда шундай фикр билдирибди: “Замонавий телескоплар яратган, коинотдаги планеталарни узоқдан туриб ўрганаётган инсоният Ердаги аҳволни кўраётгани йўқ”.

Табиий, Ражаб Эрдўғон Осиё ва Африка мамлакатларидан Ғарбга, биринчи навбатда, Европага қочиб келаётган миллионлаб қочоқлар билан айнан Ғарбнинг иши йўқлигидан нолимоқда. У ўз мамлакати Туркия бир неча миллион қочқинга жой ва ёрдам берганини ҳам алоҳида урғулаб ўтган.

Аммо, дейди мухбиримиз, Туркия Президентнинг гапларида катта хатолар бор. У қочқинларнинг мутлақо кўпчлиги мусулмонлар эканлиги, нима учун мусулмонлар, қолаверса, Ислом дунёси бундай ғариб аҳволда эканлигига эътибор бермайди, бор муаммоларнинг илдизларини ва уларни ечиш йўлларини қидиришга ҳам ҳаракат қилмайди. У нишонга Ғарбни олиш билан овора. Агар у миллионлаб мусулмонлар ўз юртларидан қочиб Ғарбга сиғинаётганларининг айбдори Ғарбнинг ўзи эканлигини ишонса бўладиган аргумент ва фактлар билан кўрсатиб берса, айнан Ислом дунёси учун катта иш қилган бўларди.

Агар Ражаб Эрдўғон ва мусулмон дунёсинининг бошқа лидерлари, жумладан, Ислом уламолари бу муаммоларнинг илдизларини қидиришга эътибор берсалар эди, бош айбдор айнан мусулмон дунёсининг лидерлари, яъни ўзлари эканлигини аллақачон тушуниб етган ва уларни ечиш устида ишлаётган бўлардилар.

Бу муаммолар билан қизиққан мусулмон лидерлар “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги айтаётган фикрларни ўқишни ўрганишлари керак. Ана ўшанда Ислом Дунёсининг асосий муаммоси нимада эканлиги, унинг ечими қандай бўлиши кераклигини тушунишга бошлаган бўлардилар.