10 May 2016
20:25 - “Панама ҳужжатлари”да 104 нафар ўзбекистонликнинг номи қайд қилинган, улар жазоланадими?
Муқаддам Вашингтондаги Журналистик Суриштирув Халқаро Консорциуми (ICIJ) “Панама ҳужжатлари” номли махфий маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилгани, бу ҳужжатлар воситасида дунёдаги кўплаб нуфузли одамларнинг офшор ҳисоблари борлиги очиб ташлангани хусусида ёзгандик. Улар орасида офшор ҳисобларга эга ўзбекистонликларнинг ҳам борлигини қайд этгандик. Маълум бўлишича, бойликларини яшириш ва солиқдан қочиш мақсадида Панамада офшор очган ўзбекистонликларнинг сони 104 нафар бўлиб, улар асосан Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида истиқомат қилган фуқаролардир.

Ҳозирча офшор ҳисоб эгаларининг номлари эълон қилингани йўқ. Шубҳасиз, улар вақти келиб эълон қилинади ва уларнинг аксарияти ҳукумат амалдорлари экани ҳам аниқ. Ўз вақти билан жиноятчилари қилмишларига яраша жазога тортилишади, дейди мухбиримиз.

Яна шуни ҳам урғулаш керакки, Тангри одамларни шундай яратганки, уларнинг ичида эгри ишга қўл урувчилар, яъни порахўрлар, коррупционерлар, солиқдан қочиш мақсадида ҳар қандай ишга қўл урадиганлар бор ва бўлади. Бундай одамларни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди. Уларнинг сонини минималлаштиришнинг ягона йўл демократиядир.

Демак, демократик давлатларда бу ҳужжатлар текширилади ва эгри ишга қўл урганлар жазосини олади. Ўзбекистон каби диктаторликларда бундай маълумотлар жамоатчиликка етказилмайди ҳам. Жуда керак бўлса, ҳокимиятга яқин бўлмаган битта-иккита одам, халқаро ҳамжамиятни алдаш учун, номигагина жазоланиши ҳам мумкин. Аммо, эгри ишлар кенг кўламда давом этаверади.

Шундай экан, Ўзбекистонда демократияни ривожлантиришга урғу бериш керак.