03 May 2016
18:27 - ЗОМИНДА МИРШАБЛАР ГУМОНДОРНИ ҚИЙНОҚҚА СОЛДИ, ПРОКУРОР ЖИМ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №8, 02.05.2016)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи фуқаро Салима Ахназарованинг ўғли Аббос Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “г” банди (Босқинчилик) билан жиноят ишлари бўйича Зомин тумани судининг 10.11.2015 йилдаги ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиззах вилояти МХХ бошқармасига ишга олиниш арафасида миршаблар томонидан ҳибсга олинган бу йигит маҳаллий фуқаролардан бирининг мобиль телефонини тортиб олишда айбланган.

Аббос Ахназаров дастлабки сўроқ давридаёқ Зомин туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Баҳром Мусурмонов ва унинг ваҳший шериклари томонидан занжирлаб осиб қўйилиб, оғир қийноқларга солинган. Сохта кўргазма олиш учун уни уриб ногирон қилишган, сўнг шифохонага ётқизишган. Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, Аббосга ёпиқ краниоцеребрал жароҳат, бош мия чайқалиши, бошини энса, чап қовоқ соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, диагнози қўйилган.

Шу тариқа олинган иқрорлик судда айблов хулосасига айланиб, Аббос Ахназаров 8 йилга қамалган. Аммо на прокурор, ва на суд бу ҳолатларни инобатга олмаган. Жиноят қидирув бўлими ходимларининг хулосаларини қонунлаштирган суднинг ҳукми юқори инстанция судлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида қийноқ, зўраки иқрорликлар таъқиқланиб, бундай процессуал амалиёт инобатга олинмаслиги керак.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан 1995 йилдаёқ ратификация қилинган "Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида"ги Пактниинг 9-моддасида: - қамоққа олиниши ёки хибсда ушланиб туриши туфайли озодликдан махрум этилган ҳар бир шахс ўз ишининг судда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга, чунки суд дарҳол унинг ушланиши қанчалик қонуний эканлиги борасида қарор чиқара олсин ва агар унинг ушланиши ноқонуний бўлса, озод қилиш ҳақида фармойиш бера олсин”, дейилган. “Қийноққа солиш, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенция”да ҳам шахсга нисбатан бу тариқа муносабат кескин қораланади.

Аммо Аббос Ахназаровга нисбатан қўлланилган ноинсоний муносабатдан тўла хабардор бўлган Зомин тумани прокурори Бектош Соипов тегишли чоралар кўрмаган, прокурорлик назорати ўрнатмаган. Аксинча, ўтган галги релизимизда таъкидлаганимиздек, у жамоатчиликни қийноқ ва ноинсоний муносабатларни кўтариб чиқаётган ҳуқуқ ҳимоячиларини тугатишга чақирган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти юқори инстанция судларини Аббос Ахназаров ишини қайта кўриб чиқиш, процессуал қонунбузарликларни бартараф этишга чақиради. Ўзбекистон Репсубликаси Бош брокурорида Зомин прокурори Бектош Соиповнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан изоҳ беришни сўрайди.