02 May 2016
13:05 - Абдураҳим Пўлат: Қолоқликдан чиқолмаётган мусулмонларимизга баъзи нарсаларни Интернетда ўргатишга ҳаракат қилдим - 1

1. Ўзини Аброр Абдураҳмонов даб атаган одамнинг Фейсбуда саҳифаси бор экан. У ердаги ўта ибтидоийликни кўриб, унга қуйидагича дарс беришга ҳаракат қилдим.

Аброр Абдураҳмонов! Бу ерга биринчи марта тасодифан кириб қолдим. Кўринишидан бу сенинг шахсий сайтинг, қайсибир бир миллатнинг мақолида айтилгандек, номи улуғ - супраси қуруқ.

Авваламбор айтай, сен эшитмаган бўлсанг керак, Алишер Навоий исмли улуғ шоиримиз бўлган. Унинг шундай сўзлари бор: "Одам эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидан ғами". Ўтган асрнинг 60-чи йиллари Москвадага машҳур Ленин кутубхонасида бу сўзлар ёзилган китобни топганман. Ўша пайтдаёқ Навоийнинг "ониким йўқ халқ ва дин ғамидан ғами" сўзларидан коммунистлар "дин" сўзини олиб ташлаганлари ҳақидаги ривоятни, қайтариб айтаман, ривоятни ҳам ўқиганман.

Мана халқимизнинг, миллатимиз ва динимизнинг, Навоий таъбири бўйича, ғамларидан баъзилари:

1. Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистонимиз ривожланган мамлакатлардан 20-50 баравар орқада эканлигини қўйиб турайлик, қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан 8 ва 6 баравар орқада. Ўртача маошда ҳам шунча орқадамиз. Масалан, қозоқларда ўртача ойлик 700 доллар атрофида, бизда 90 га ҳам етмайди. ЎЗБЕКнинг профессорлари қозоқ ДВОРНИКларидан кам маош олишади. Шу сабабли, юз минглаб, балки сони миллиондан кўп ўзбеклар қуллардек чет элларда мардикорлик қилиб, Ўзбекистонда қолган оилаларини тебратишади.

2. Ўша чет элдаги мардикорлик қилаётган ватандошларимиз Ўзбекистонга ҳар йили 9 млрд доллар атрофида пул юборишади. Давлатимиз бюджетининг даромад қисми 11 млрд доллар атрфида. Демак, Ўзбекистонимизнинг ўзини-ўзи идора қиладиган мустақил давлат сифати йўқ.

3. Миллат сифатини йўқотган ўзбеклар, жумладан сен ва ФБдаги саҳифанг ҳам, миллионлаб миллатдошларимиз чет элларда қуллардек ишлаётгани билан, қирғиз фашистлари ўзбекларни тириклайин ёққани билан, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда ўзбек мактаблари бекитилаётгани билан, ўзбеклар бу мамлакатлардаги тарихий ерларидан сиқиб чиқарилаётгани билан, тахминан 5 миллион ўзбек яшайдиган Афғонистонда биронта ўзбекча мактаб, ҳатто ўзбекча синф йўқлиги билан қизиқмайдилар.

4. Ислом дунёсининг аҳволига қара. Биз жаҳоннинг энг қолоқ ва қашшоқ қисмимиз. Сўнгги 5-6 аср ичида мусулмонлар БИРОНТА нарса ихтиро қилмадилар, Ғарб, яъни насронийлар ва яҳудийлар яратган замонавий дунёда хизматкормиз, холос. Ҳамма нарса Оллоҳдан, демак, Оллоҳ биздан юз ўгириб, насроний ва яҳудийларни қўллаб қувватламоқда, ҳамма нарсани уларга бермаяптими?

Шундай муаммолар бор экан, кеча-кундуз ухламасдан, дунёнинг бизга алоқаси бўлмаган хабарларини кўчириб олиш билан шуғулланаётганингга ачинаман. Ким ўқийди бу масхарабозча кўчирмаларингни?

Мана охирги хабарларингдан бирида иорданиялик одамнинг Ислом ҳақидаги мақоласини ўқиб кўнглим айнади. У аҳмоқ оғзига келган нарсани айтиб алжирамоқда, сен эса уни кўчириб олиш билан оворасан. Сен ўзинг биласанми, айнан ўша Иордания 1948 йилдаги БМТнинг қарорига бўйсунмасдан, инглизлар бериб кетган ерларда 1968 йилгча Филистин давлати қурилишига йўл бермаган. Шу билан Араб дунёси ва Ислом дунёсининг орқасига пичоқ эмас, катта қилич урган. Тўғри, кейин филистинларга берилиши керак бўлган ерларини Исроил 1968 йили босиб олди. Лекин, бу масалада бош айбдор арабларнинг, мусулмонларнинг ўзи-ку. Нега ўша аҳмоқ иорданиялик одам ёки сен бу ҳақда гапирмайсанлар. Қилаётган ишларинг масхарабозлик эмасми?

Шундай экан, миллат ва умматнинг муаммолари билан, аввал бу муаммоларни англаб етиб, кейин шуғулланиш ўрнига, масхарабозлик қилиб юрганларни, Навоийнинг сўзларидан келиб чиқиб, одам деб бўлмайди. Одам бўлмаганларни чўчқа деймизми, эшшак деймизми, маймун деймизми, бу бошқа масала. Эшшак сўзини иккита "ш" билан ёзаётганимга ҳайрон бўлма, битта "ш" билан ёзсам, одамларга яхши хизмат кўрсатаётган эшакларни ҳақоратлаш бўларди.

Ўзбекни ва Ислом динини шундай ғариб аҳволдан олиб чиқиш ҳақида ўйла, агар одам ва мусулмон бўлсанг. Агарда шундай қилиш йўлига ўтсанг, очиғини айтаман, "Бирлик", "Ҳаракат" ва мен билан бирга бўлишдан бошқа йўлинг йўқ. Чунки, биз миллат ва динимизнинг касаллигига диагнозни қўйиб бўлдик. Биронта одам диагнозимиз хато эканлигини исботлай олмайди. Демак, даволашда ҳам барибир ҳамма бизнинг йўлимизга ўтади. Аммо, бу йўлга ҳеч кимни зўрлаб тортиш ниятим йўқ.

Бўшашма, болакай!!