02 May 2016
13:25 - Абдураҳим Пўлат: Қолоқликдан чиқолмаётган мусулмонларимизга баъзи нарсаларни Интернетда ўргатишга ҳаракат қилдим - 2 ва 3
2. Кимдир Фейсбукда Ўзбекистондаги Ислом уламоларни танқид қилиш билан шуғулланадиган саҳифа очибди. Аммо, фикрлари шунчалик ибтидоийки, маслаҳатлар беришдан ўзимни тўхтатолмадим. Мана ўша маслаҳатларим:

Ҳа, ҳозир Ислом уламолари мавжуд режимнинг ялтоқ ва маддоҳларидир. Аммо, руслар келмасдан аввал улар мустақил эдилар-ку. У пайтдаги давлатлар исломий эди-ку, феълан уламоларнинг қўлида эди-ку. Аммо, айнан ўша пайтда ҳам Марказий Осиё, қолаверса, бутун Ислом дунёси энг қолоқ ва қашшоқ минтақа эди-ку! Насроний ва яҳудийлар мотор, электр, радио, учоқлар яратар экан, биз ҳатто рессораси ҳам бўлмаган Қўқон аравадан нарига ўтолмадик-ку!

Ҳамма нарса Оллоҳдан-ку. Нимага Оллоҳ бу аҳволимизга кўз юмди ва кўз юмишни давом эттирмоқда? Оллоҳ мусулмонларнинг аҳмоқлигини кўриб, биздан юз ўгирди ва ҳозир асосан насроний ва яҳудийларни қўллаб-қувватлашга ўтмадими?

Бу аҳволдан чиқишнинг ягона йўли - Ислом динида ўзгаришлар, ислоҳотлар қилишдир. Ислом - Қуръоннинг асосида одамлар тарафидан яратилган буюк ТИЗИМдир. Уни ўзгартиришга, ислоҳ қилишга ҳаққимиз бор. Бошқа йўл йўқ.

Фақат Ўзбекистон эмас, бутун дунёдаги Ислом уламоларининг мутлақо кўпчилиги ялтоқ ва маддоҳлар эканлиги ҳам маълум. Аммо, асосий айб – бунга кўз юмаётган, бор муаммоларни қандай ечиш устида ўйламаётган, тўғри йўл кўрсатаётганларга, жумлардан, "Бирлик» ва "Ҳаракат" кабиларга эътибор бермаётган мусулмонларнинг ўзидадир. Авваламбор уларнинг кўзини очиш керак. Ана ўшанда улар уламоларни ўз вазифаларини бажаришга мажбур қиладилар.

3. Аввал тилга олинган Аброр Абдураҳмонов ўз саҳифасида Ҳизб ут-Таҳрирнинг Марказий матбуот бўлими раиси деб танитилган Усмон Баххошнинг ўта ибтидоий мақоласини қўйибди. Унга ҳам ўз фикрларимни билдирим. Мана улар:

Бу Усмон Баххош европаликларнинг костюмини кйиб олиб ва европаликлар яратган Интернетда ўтирволиб гапираётган гапларидан тушуниш мумкинки, унинг ўзи ҳеч нарсани тушунмайди. Агарда ҳамма шундай бўлса, бу ташкилотнинг келажаги йўқ. Ақл ишлатишни ўрганинглар мусулмонларим!!

19-чи асрнинг охири ва 20-чининг бошига келиб насронийлар Халифаликка кирувчи Туркиядан бошқа ҳамма мамлакатларни босиб олдилар. Нимага? Чунки, Ислом дунёмиз ўта ғариб, қолоқ ва қашшоқ ҳолда эди. Ўрта асрлардан бери биз мусулмонлар биронгта нарса яратолмадик. Ғарб моторлар, электр, радио ва учоқлар ишлатишга бошлар экан, бизда шамчироқ ва Қўқон арава кабилардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Отатурк эса, ичида ЯГОНА Туркия қолган ва қоғоздагина бўлган Халифаликни бекор қилди, шундай қилиб Туркияни сақлаб қолди. У ростдан ҳам БУЮК МУСУЛМОН!! У бўлмаса эди, аввал Туркия, кейин Эрон ҳам мустақиллигини йўқотарди.

Шундай экан, ақли бор мусулмонлар нимага шу аҳволга тушганимизни ўйлашлари керак, қолоқликдан чиқиш йўлларини қидиришлари керак. Акс ҳолда, масалан, ҳозир Ғарб "бизнинг динни қабул қилганларни жаннатсимон ўлкаларимизга қабул қиламиз" деб айтса, жаҳон мусулмонларининг камида ярми дарҳол исломдан насронийликка ўтиб, Ғарбга кўчиб кетиши аниқ.

Бундай аҳволдан чиқиш учун Ислом динида фундаментал ислоҳотлар лозим. Ислом - Қуръоннинг асосида одамлар тарафидан яратилган буюк ТИЗИМдир. Уни ўзгартиришга, ислоҳ қилишга ҲАҚҚИМИЗ БОР. Бошқа йўл йўқ. Биринчи, асосий қадам - Ислом дини дунёвийлик принципини қабул қилиши бўлади. Дин - маъмуриятчиликдан бошқа нарса бўлмаган давлат бошқаруви каби рутин нарсалар билан шуғулланишга бошласа - у пастлашиб кетаверади. Ўрта асрларда айнан шундай бўлганини кўрмаяпсизларми?

Бизнинг динимиз насронийликдан 622 йил ёш. Кўринишидан шу сабабли ривожланишда, яхши ишлар қилишда ҳам, шунча орқадамиз. Калламизни ишлатиб бу орқада қолишдан тезроқ қутилиш керак. Насронийлар дунёвийликни 17 асрда қабул қилдилар. Демак, ҳамма нарса ўз йўлида кетаверса, биз дунёвийликни яна тахминан 100 йилчадан кейин, яна 600 йилча кечикиб қабул қиламиз. Биз буни тезлаштирмоқчимиз ва бунга эришамиз.

Агар, ислоҳотни ўзимиз қилмасак, бизга буни Ғарб қилиб беради. Бу - диннинг ўлими бўлади. Айнан, динимизни ўлимдан қутқариш учун ислоҳот масаласида Барак Ҳусайин Обамадан ёрдам сўрадим. У бу таклифни ахир бир кун қабул қилади.