15 March 2016
19:19 - Жиззахда “Эзгулик” жамияти фаоллари йиғилишди, уларга офарин дейиш керак

Бугун Жиззахда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари бўлимларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жамият Марказий бошқаруви раиси Васила Иноятова иштирок этди. Ҳуқуқ фаоллари бирмунча танаффусдан кейинги мажлисларида чиқишларини ўз-ўзини танқид ва фаолиятга таҳлилий баҳо бериш билан бошлашди. Хусусан, жамиятнинг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Гулнора Ахмедова, Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаев, Тошкент вилояти бўлими раҳбари Абдураҳмон Ташановларнинг ҳисоботлари тингланди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, мамлакатда ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигига қарамай инсон ҳуқуқларининг турли йўналишларида муаммолар ортиб бормоқда. Хусусан, сиёсий ҳуқуқлар, болалар меҳнати, қийноқ, сўз эркинлиги ва ноқонуний равишда ҳибсга олишлар бўйича муаммоалар кўлами ортиб бормоқда. Ягона ижобий ҳолат - ҳокимият органларининг “Эзгулик” мурожаатларига амалий ёндашиб, айрим масалаларни ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилаётганидир.

“Эзгулик” жамияти Ўзбекистонда амалда фаолият олиб бораётган ягона ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотдир. Унинг бу мажлиси ва бошқа ишлари ҳаммага ўрнак бўлиши керак.