23 February 2016
20:16 - Пропискасизлар пойтахтдан кўчмас мулк ва автоулов сотиб ололмайди
Ўзбекистон президентининг автотранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Тошкентда кўчмас мулк ва автомашина сотиш бўйича аукционларда бундан буён фақат Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискаси бўлган шахсларгина иштирок этолади. Прездентнинг мазкур ғайри конституциявий қарори чўкаётган кема палубасини пастдан қочиб чиқаётган каламушлардан қўриқлашга ўхшатиш мумкин.

Аммо буни қарангки, Тошкент шаҳри ва вилоятига прописка масаласида хушхабар ҳам бор. Масалан, 13 та турдаги ҳужжатни олиб келиб милиция идорасига топширган давлат хизматчиси (ҳамма ҳам эмас!) Тошкент шаҳрига 6 ойгача прописка қилиниши мумкин.

"Вақтинчалик прописка" олиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинар экан:

1. ИИВ томонидан белгиланган намунадаги ариза (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади).
2. Уй эгаси номидан ариза (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади).
3. Манзил варақаси (Адресный листок прибытия) (Буни "стол услуг"да тўлдириб беришади).
4. Фуқаронинг паспорти ва паспорт нусхаси.
5. Казарма, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган хизматчилар учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг ёки шартнома бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси.
6. Болаларни рўйхатга қўйиш учун, агар улар 16 ёшга тўлмаган бўлишса, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ҳамда 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат.
7. Уйнинг кадастр ҳужжатларининг нусхаси.
8. Уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (олди-сотди ёки ҳадя шартномаси, Давлат ордери, мерос гувоҳномаси, ҳокимлик қарори ва ҳоказо).
9. Уй эгасининг паспорт нусхаси.
10. Давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция.
11. Нотариус томонидан тасдиқланган ижара шартномаси нусхаси.
12. Фуқаро яқин қариндошларини (ота-ота фарзандларини, фарзандлар ота-онасини, эр хотинини, хотин эрини) вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, яқин қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар.
13. Давлат корхонасида ишловчи ижарага турувчининг ишхонасидан уни “вақтинча прописка”га қўйиш тўғрисида расмий илтимоснома.