18 February 2016
22:07 - Тошкент судида “Салафийлар” устидан маҳкама бормоқда, аммо айб салафийларда эмас, Ислом уламоларида

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Салафийлар” диний оқимига мансубликда айблаётган 4 нафар шахс устидан суд жараёнлари бормоқда. Айблов хулосасига кўра, Акмал Ўринов (1985 йилда туғилган), Темур Сиддиқов (1981 йилда туғилган), Ойбек Солиҳов (1983 йилда туғилган) ва Даврон Қаюмов (1988 йилда туғилган)лар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) ва 2443-модда (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да айбланмоқда.

“Салафийлар” оқимига мансубликда айбланиб судланаётган бу шахслар, гўё ўзаро жиноий тил бириктириб, диний оқим ғояларини жамиятга ёйиш, фундаменталистик ва ақидапарсатлик тамойилларини тарғиб қилиш билан шуғулланганлар. Жамоат жойлари, кафе ва муассасаларда фуқароларга ўз қарашларини сингдиришга уринганлар.

Ислом динининг ҳозир қабул қилинган тушунчаларидан келиб чиқсак, бу айбланаётганларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Шундай экан ҳамма айб - Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси ва ўзини динимизни тушунадиган деб ҳисоблайдиган уламоларда. Улар Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиққан ҳозирги тушунчаларни ўзгартириш учун Қуръонни янги тафсирини яратиш устида ишласалар эди, Тошкент шаҳар суди тарафидан айбланаётган бу мишиқиларни бунақа айблар қилишдан ва катта жазолардан қутқарган бўлардилар.