11 October 2015
12:53 - Анқарадаги портлашларда ўлганларнинг сони 95 га чиқди, Туркияда 3 кунлик мотам эълон қилинди
Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли кеча эрталаб пойтахт Анқарада митингга йиғилаётган одамлар ичида икки бомба портлатилиши натижасида ўлганларнинг сони 95 га чиққанини айтиб, мамлакат бўйлаб 3 кунлик мотам эълон қилди.

Табиий, давлатнинг тегишли идоралари бу портлаш билан боғлиқ воқеаларни текшириш билан бандлар. Портлашларни икки “жонли бомба” ёки бошқача ном билан “ўлимчи-террорист” амалга оширгани сал кам аниқдек кўринмоқда. Ўлимчи террористларнинг биттаси 25-30 ёшлардаги эркак бўлгани, иккинчиси эса, хотин киши бўлгани тахмин қилинмоқда.

Буларни аниқлаш қийин эканлигини ҳамма тушунади. Чунки, портлашлар натижасида жонли бомбаларнинг танаси парча-парча бўлиб кетган.

Бу митинг ташкилотчилари асосан сўлчилар ёки сўлчиликка яқин ташкилотлар эканлиги маълум бўлар экан, уларга қарши ҳужумни исломчилар қилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар пайдо бўлмоқда. ИШИД бу фожеа ҳақида баёнот тарқатиб, митингчиларни кофир коммунистлар деб атагани ва ўлганлар сони бундан ҳам кўпайишини истагани ҳам ўша тахминлар фойдасига бўлмоқда.

Агар шундай бўлса, дейди мухбиримиз, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат шу йил бошида АҚШ Президенти Барак Обамага мактуб йўллаб, ислом терроризмининг янги марказлари Туркия ва Маркзий Осиё бўлиши ҳақида билдирган фикрлари тасдиқланишга бошланганини тан олиш керак бўлади.