01 October 2015
14:04 - Барак Обама ислом терроризмининг моҳиятини тушунибди, Нурусултон Назарбой ҳали йўқ, Абдураҳим Пўлат унга ҳам хат ёзиши керакмасми?

БМТ Бош Ассамблеясининг шу кунларда ўтаётган сессиясида нутқ сўзлаётган жаҳон лидерларининг ҳаммаси ўз нутқида у ёки бу шаклда ислом терроризми масаласини тилга олмоқда. Ислом терроризми жаҳонга хавф соладиган кучга айланиб борар экан, бундай бўлиши табиийдир.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, шу йил бошида АҚШ Президенти Барак Обамага мактуб йўллаган “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат АҚШдек давлат ҳам ислом терроризмининг илдизлари Қуръонни хато тафсир қилишга асосланган Ислом динининг ўзида эканлигини тушунмаётгани, Исломда ўзгаришлар қилмасдан ислом терроризмини енгиб бўлмаслигини айтганди ва ислом терроризмининг илдизларни йўқ қилишнинг ягона йўли - Исломда ислоҳотлар қилиш ва Ислом дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш эканлигини урғулаган эди.

Барак Обаманинг 28 сентябрда Бош Ассамблеядаги нутқи ҳақида хабар тарқатмаган оммавий ахборот воситаси қолмади. Аммо, улар АҚШ Президентининг нутқидаги битта маҳим нуқтага эътибор бермаганлари бизга ҳам ҳозир маълум бўлди, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири. Буни тушуниш учун Барак Обаманинг “Свобода” радиоси сайтига тўла қўйилган русчага таржимали аудио нутқини эшитиш керак - http://www.svoboda.org/media/video/27275558.html


Барак Обама ислом терроризми ҳақида гапирар экан, уни фақат куч билан йўқ қилиб бўлмаслигини, мусулмонларнинг ўзи “ислом” ва “ислом терроризми” эквивалент тушунчалар эмаслигини ҳамма тушунтиришлари кераклигини гапиради. Унинг бу сўзлари Абдураҳим Пўлатнинг ислом терроризмини куч билан йўқ қилиб бўлмаслиги, ислом терроризмини йўқ қилиш учун авваламбор ислом динининг ўзи дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш кераклиги ҳақидаги конкрет фикрини анчагина мавҳум шаклда ифодалайди.

Бу каби фикрни Барак Обама ҳеч қачон айтмаган эди. Ҳеч шубҳасиз, у Абдураҳим Пўлатнинг таклифига қулоқ солишни бошлади. Дунё лидерларидан биронтаси ҳали бундай фикрни тушуниш даражасига етиб келмагани ҳам уларнинг Бош Ассамблеядаги нутқларидан кўриниб турибди.

Масалан, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой ўз нутқида БМТ даражасида терроризмга қарши коалиция тузиш, бу ҳақда Хавфсизлик Кенгашининг қарорларини чиқариш, террористларга ёрдам бераётганларга қарши кучли санкциялар киритиш ва шу каби оламшумул, аммо анъанавий фикрлар айтиш билан чекланади. Бироқ, кўриниб турибдики, у бу каби тадбирлар билан ислом терроризмини йўқ қилиб бўлмаслигини ҳали тушунмайди.

Демак, “Абдураҳим Пўлат Нурсултон Назарбойга ҳам хат ёзиши ёки Обамага ёзган хатининг нусҳасини юбориши керакмасми?” деган савол ўртага чиқиши ғоят табиийдир.