30 April 2015
06:25 - Абдураҳим Пўлат: Саакашвилининг Озорбайжон ҳақидаги гапларида жон бор. Демократик мухолифат "Бирлик"да бирлашиши шарт.

Озорбайжон ҳукумати 28-29 апрель кунлари Бокуда "III Глобал Боку Форуми" номли анжуман ўтказди. Шу мамлакат ахборот воситалари билдиришича, анжуманда глобаллашиб бораётган дунёнинг муаммолари, хусусан, этник ва бошқа турли конфликтлар, терроризм хавфи, таълим-тарбия, экология ва бошқа соҳалардаги янги чақириқлар (муҳим муаммолар) муҳокама қилинибди. Форумда бир неча мамлакатнинг президент ёки бош вазирлари ва уларндан ҳам кўпроқ, собиқ президент ва бош вазирлари иштирок этишган. Улар ичида, жумладан, Туркия, Украина ва Гуржистоннинг собиқ президентлари Абдуллоҳ Гул, Виктор Юшченко ва Михаил Саакашвили бор эди.

Гуржистондаги мавжуд режим Михаил Саакашвили устидан жиноий иш бошлаб, уни Интерполда қидирувга ҳам берган эди. Табиий, Озорбайжон Саакашвилини ушлаб бермаслик гарантиясини бергани учун у Бокуга келган.

Шу ерда Михаил Саакашвили Озорбайжон хусусида кўпчилиек учун кутилмаган баёнотлар берди. Унинг асосий фикри шундай: “Озорбайжон баъзи Европа мамлакатларидан либералроқдир. Бу мамлакат кескин модернизация йўлини танлади. Европа ҳамжамияти буни билиши ва тушуниши керак.”

Балки, у Озорбайжон Балқон ярим оролидаги баъзи мамлакатлардан демократроқлигини назарда тутаётгандир. Балки, у Озорбайжонниннг меҳмони бўлгани учун шундай гапиргандир. Балки, дейди “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат, аммо Михаил Саакашвилининг гапида жон борлигини тан олиш керак.

Гап шундаки, Озорбайжонда мухолифатчиликка даъво қилаётган ҳамма партиялар, уларнинг баъзиларини гуруҳчалар ҳам дейиш мумкин, ҳукумат тарафидан рўйхатга олинган. Улар ҳамма сайловларда иштирок этишлари мумкин ва иштирок этмоқдалар. Ҳатто президент сайловларида ҳам иштирок этадилар. Бу - демократияку!

Аммо, бир-бирларидан фарқларини ўзлари ҳам яхшилаб тушунтириб беролмайдиган бу партиялар ва гуруҳчалар сайловларда ҳеч нарсага эришолмаяптилар. Бу партияларнинг бир ёки иккитаси баъзида парламентга битта-иккита депутат ҳам чиқариб қолади. Президент сайловларидан бир неча партия ўз номзодини билан иштирок этиб, ҳар бири бир неча фоиз овоз олади. Шармандалик!

Тўғри, охирги президент сайловларида мухолифат гуруҳларининг кўпчилиги коалицияга бирлашди ва халққа унчалик таниш бўлмаган, сиёсат билан ҳеч қачон шуғулланмаган бир тарих профессорини номзод қилиб кўрсатди. Нима учун? Чунки, коалицияга кирган гуруҳларнинг раҳбарлари ичларидан бировни номзодликка чиқариш мардлигига қодир эмаслар. Халқ эса, ўз яхши билмаган одамга, “ҳа, буни мухолифат номзод кўрсатибдику” дея, унга овоз берармиди?

Агар демократик мухолифат битта партияга бирлашиб, бир лидерни ўртага чиқарса эди, ўша лидер дарҳол сайловларда ғолиб чиқолмаса ҳам, шубҳасиз 30-40 фоиз атрофида овоз оларди. Бунча овоз олган мухолифатчи билан ҳар қандай диктатор ҳам ҳисоблашишга мажбур бўларди.

Мен шу маънода, қайтариб айтаман, айнан шу маънода, Саакашвилининг сўзларида жон бор деб ҳисоблайман. Озорбайжонда етралича демократия бор. Аммо, аҳмоқ демократлар тарқоқ. Агар улар ростдан ҳам демократ бўлса, табиий.

Русларнинг мақоли бор: “Аҳмоқ ўз хатоларидан, ақлли бошқаларнинг хатоларидан ўрганади.” Мен аҳмоқ бўлиб ўз хатоларимиздан, ақлли бўлиб озорбайжон каби халқлар ичида бўлаётган воқеалардан аллақачон хулоса чиқариб бўлганман. Ўзбекистонда битта демократик мухолифат партияси бўлиши керак. Демократлар ичида аҳмоқлар, сотқинлар, турли ҳаромийлар, бундан ҳам муҳими, Миллат ва Ватан муаммолари билан иши бўлмаган, уларни ҳатто тушунмайдиганлар илдиз отаётган бўлса, ички уруш очиб бўлса ҳам, бундайлардан тозаланиш керак. Ундайларни сиёсий маънода йўқ қилишдан бошқа йўл йўқ.

Ҳозир эса, ўтган тарихи, шу кунда қилаётган ишлари, яъни миллат ва мамлакатнинг касалликларига тўғри диагноз қўйиб, уни тузатиш йўлларини кўрсатаётгани билан мақтанишга ҳаққи бўлган ягона ташкилот - “Бирлик” Партиясидир. Миллат ва Ватаннинг келажагини ўйлайдиганларни унинг артофида бирлаштириш шарт.