26 January 2015
01:28 - Юнонларнинг аҳмоқ сўлчиларини курашга Абдураҳим Пўлат чорламадими? Ишқилиб, ўзбеклар уни тўғри тушунсин!

“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ўз мақола ва чиқишларида бир фикрни у ёки бу шаклда анчадан бери ёзиб ва айтиб келади. Масалан, унинг 2014 йил 30 ноябрь куни “Ҳаракат” сайтида эълон қилинган “Худога шукр, ниҳоят, мен ҳам ўзбек зиёлилари каби чўчқага айланишга бошладим. Аммо, айланолмадим, Оллоҳми менга йўл бермади?!” номли лавҳасида ўша фикр қуйидагича ифода қилинади:

“Биз улуғ миллат эдик. Биз Ал Хоразмий, Ал Форобий, Ал Бухорий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобир каби улуғларнинг авлодлари эдик. Шундай экан, биз доим улуғ бўлиб қолаверамиз, деб ўйлайди подага айланиб бўлганини ҳам фарқига бормаётган ўзбекларнинг кўпчилиги.

Жаҳон тарихига қаранг, эй ўзбеклар! Ҳозирги замонавий цвилизациянинг пойдеворини юнонлар (билмаганлар учун – греклар) яратган. Искандар Зулқарнай ҳатто Марказий Осиёни ҳам ўз ичига олган буюк империя қурган. Аммо, юнонлар асосларини ўзлари яратган цвилизациянинг янги трендларини (қўполроқ қилиб айтсак, йўналишларини) ўз вақтида кўролмай, сезмай қолдир, ичларидан буни кўроладиган Абдураҳим Пўлат чиқмади. Натижада, Юнонистон ҳозир Ғарбий Европа деб аталадиган янги цвилизациянинг, таъбир жоиз бўлса, демократик цвилизациянинг энг қолоқ давлати. Энди улар бу аҳволдан қутулолмайдилар, чунки, вақтни қочирдилар.”

Ўша Европанинг энг қолоқ давлатига айланган Юнонистон давлатида Абдураҳим Пўлатнинг “улар вақтни қочирдилар” деган сўзларидан ғазабга келиб, унга жавоб бериш ниятидагилар ўртага чиққанга ўхшайди.

Молиявий-иқтисодий аҳволи жуда ёмон бўлган бу мамлакатда бугун вақтидан аввал парламент сайловлари ўтказилди. Ҳали расмий натижалар маълум эмас, аммо экзит-полл натижаларига кўра, сўлчи партияларнинг (еврокоммунистлар, маочилар, троцкийчилар, сўлсоциалистлар ва экологлар) коалицияси бўлмиш СИРИЗА (бу- юнонча абреватура) ғалаба қозониши муқаррар кўринмоқда.

Шу соатларда жаҳон ахборот воситалари бу партиянинг иқтисодий масалалар бўйича маъсул одами Яннис Милиоснинг қуйидаги сўзларини тарқатмоқдалар: “Янги саҳифа очилмоқда, бу - бутун Европа учун тарихий вақтдир. Бу – бутун Европа учун катта ўзгаришларнинг бошланишидир. Европа дефляция, рецессия, ишсизлик ортиши, катта қарзлар билан яшолмайди. Энди Юнонистон йўл кўрсатади, бизнинг мамлакат, бизнинг халқ буюк ўзгаришларнинг авангарди бўлади. Биз хурсандмиз, бахтлимиз.”

Эй, бечора юнонлар, вақтингиз ўтиб кетди, энди сиз Европада авангард бўлолмайсиз. Буни минг йил аввал ўйлаш керак эди. Бунинг устига, СССР раҳбарлигидаги социалистик давлатлар социалистик ғоянинг мисини ҳам чиқариб бўлганлар.

Аммо, бу воқеа ҳам ўзбекларга дарс бўлсин. Абдурҳим Пўлат айтгандек, биз ўзбеклар яна лидер миллат сифатимизни тиклаш учун ҳали вақт бор, тезроқ отни қамчилаш лозим. Кейин кеч бўлади.