23 January 2015
19:39 - Эски ҳаммом – эски тос: Шавкат Мирзиё яна Бош вазир бўлди!

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг бугунги қўшма мажлиси Шавкат Мирзиёни Бош вазир лавозимига тайинлади. Унинг номзоди парламент сайлови натижасида қонунчилик палатасида энг кўп жойни эгаллаган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан илгари сурилганди.

Шавкат Мирзиёни яна Бош вазир этиб тайинлаш учун қуйи палата депутатларининг кўпчилиги ҳамда 100 кишилик сенат вакилларининг 99 таси овоз берди, бир киши қарши бўлди. 2003 йилдан бери ҳукуматни бошқариб келаётган Шавкат Мирзиё президент Ислом Каримнинг кўппагидан ҳам садоқатли. У раҳнамосининг ҳар қандай буйруғини сўззисиз бажариши билан ном чиқарган.

Парламент қўшма мажлисида Бош прокурор, Олий Суд раиси ҳисоботлари тингланиб, улар қониқарли деб топилди. Демак, прокурор Р. Қодиров ва қозикалон Ш.Газиев яна 5 йил лавозимида ўтиради.

Аслиде бу хабарни бошқача таҳлил қилиш ва шу таҳлилга мос равишда сарлавҳа қўйиш мумкин эди, дейди мухбиримиз. Шавкат Мирзиё хўжайини Ислом Каримдан анча ёш. Тўсатдан бирон нарса бўлиб қолмаса, ҳали у анча яшайди. Ислом Каримдан кейин эса, Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бўлади, мамлакатни шу аҳволга туширганлардан жавоб сўралади. Расмиятчилик бўйича, иқтисодга ҳукумат ва унинг раиси жавоб беради. Ислом Каримнинг эса, ҳатто ҳукумат раиси тайинланишга расман алоқаси йўқдек. Номзодни партия кўрсатди, Сенат тасдиқлади. Шунинг учун бу хабарнинг сарлавҳасини “Шавкат Мирзиё ўлимга маҳкум қилинди” деса бўларди.