25 July 2014
01:00 - “Ҳаракат”нинг тахмини тўғри чиқмади, Украинада вақтинчалик янги Бош вазир тайинланди

Кеча Олий Рададаги кўпчилик коалицияси тарқалиб, кетидан Бош вазир Арсений Яценюк истеъфосини очиқлагач, Украина президенти Петр Порошенко янги сайловларгача Арсений Яценюкни Бош вазир вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинласа керак, деб тахмин қилган эдик. Аммо, воқеалар бошқачароқ кетаётганга ўхшайди.

Порошенкога яқинлиги билан билинган Ички ишлар вазири Арсен Аваков Бош вазир вазифасини вақтинча бажариш шу йилнинг февраль ойидан бери вице-премьер бўлиб ишлаётган 36 ёшли Владимир Гройсманга (расмда) топширилганини айтибди. Аммо, бу ҳақда ҳали расмий хабар эълон қилинмади. Демак, Украинадаги янги ҳокимиятни силкинтириб қўйиши мумкин бўлган воқеалар бошланмоқда. Аслида, Украина жанубида бўлаётган воқеаларни ҳисобга олиб, бундай бўлмагани яхши бўларди.

Бошқа тарафдан, Петр Порошенко Юлия Тимошенконинг одами бўлган Аркадий Яценюк ўрнига ўз одамини олиб келса, барқарорлик кучайиб, руслар билан курашиш ҳам осонлашар. Кўрамиз, дейди мухбиримиз.