21 April 2014
13:46 - Ўзбекистоннинг бу йилги уч ойлик ЯИМ миқдори эълон қилинди? Аҳволимиз дабдала. Ислом Карим дарҳол истеъфога кетиши керак! (Тузатилган вариант)

Ўзбекистон режими йиллардан бери мамлакат иқтисодининг асосий кўрстагичи бўлган Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажмини ўз халқидан яшириб келарди. Сабаб – бизда Киши бошига ЯИМ Қозоғистонга қараганда 8 баравар кам эканлигида, Ўзбекистон қўшни мамлакатга нисбатан қашшоқ давлат эканлигида. Аҳолининг ўртача ойлиги ҳам айнан ЯИМ ҳажмига тўғри пропорционал бўлгани сабабли, қозоқлардан ўртача ойлигимиз таҳминан 8 баравар кам эканлигида.

“Ҳаракат” Агентлиги биринчи бўлиб, ЯИМ ҳажми бўйича қозоқлардан 8, туркманлардан 6 баравар орқада эканлигимизни кўрсатувчи рақамларни Жаҳон Банки каби обрўли ташкилотларларнинг хабарларидан қидириб топди ва эълон қилди. Қозоқларда ўртача ойлик 700 доллар атрофида бўлса, бизда 90 доллардан кам эканлигини, ўзбек профессорларининг ойлиги қозоқ дворниклариникидан 2-3 баравар камлигини ҳам биринчи бўлиб “Ҳаракат” очиқлади.

“Ҳаракат” Агентлиги бу рақамларни эълон қилиш билан чекланмасдан, Ўзбекистон раҳбарларидан, авваламбор, мутахассислиги иқтисодчи эканлиги билан мақтанадиган Президент Ислом Каримдан бу аҳволимизга изоҳ беришни, бундан ҳам яхшиси, дарҳол истеъфога кетишни талаб қила бошлади.

Шундан кейин, аниқроғи, бир ойча аввал, оддий одамлар ўқимайдиган Статистика Агентлигининг сайтида Ўзбекистон Ялпи Ички Маҳсулотининг ҳажми киши билмас шаклда тилга олиниб ўтилди.

Бундан бир неча кун аввал Ўзбекистон ахборот воситалари мамлакат Ялпи Ички Маҳсулоти жорийдаги йилнинг 1-чи уч ойлигида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,5% ортганини катта ижобий воқеа сифатида хабар қилишса ҳам, эски одат бўйича, ЯИМнинг абсолют миқдорини билдиришмади.

Бугун Uzdaily.uz cайтида уч ойлик ЯИМнинг абсоют миқдори эълон қилинди. Бу ростакам сенсация бўлди.

Бу сайтнинг хабарига кўра, биринчи кварталда мамлакат Ялпи Ички Маҳсулоти 25,764 трлн сўм бўлибди. Биз уни Мараказий Банкнинг расмий курси бўйича долларга айлантирдик - $11,3 млрд чиқди. Демак, бир йилда тахминан $45,2 млрд бўлади.

Қозоғистонда ЯИМ ҳажми ўтган йили $224,858 млрд эди. Демак, биз бу йилги ўсиш билан ҳам иқтисоднинг қуввати бўйича қозоқларнинг ўтган йилги кўрсатгичларидан сал кам 5 барабор орқада бўламиз. Қозоғистоннинг аҳолиси биздан 2 бараварча кам эканлигидан келиб чиқсак, Киши бошига ЯИМ бўйича, улардан сал кам 10 баравар орқада қолаяпмиз. Давлат Бюджетимиз ҳам улардан тахминан шунча оз. Яъни, қашшоқ мамлакат ҳолига туширилдик. Юрт ташқарисида мардикорлик қилиб юрган ўзбеклар Ўзбекистонга юбораётган пуллари ҳисобига давлатимиз оёқда турибди.

Ислом Карим бундай аянчли, шармандали аҳволга тушганимиз учун маъсулиятни ўз бўйнига олиб, дарҳол истеъфога кетиши керак. Биз бундай чақириқларни аввалари ҳам қилардик, аммо Жаҳон Банки маълумотларига асосланиб қилардик. Энди аянчли аҳволимизни ўзимизнинг ахборот воситаларида айнан бизнинг талабаларимиз билан ҳукуматнинг ўзи тарафидан эълон қилинаётган рақамлар ҳам кўрсатиб турибди.

Тўғри, бу рақамалрни на оддий ўзбеклар, на ўзбек зиёлилари, на ўзбек мутахассислари бугун анализ қилиш қобилиятига эга эмаслар. Аммо, бизнинг анализларимиз, ҳукуматнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, ўзбекларга етиб бораверади ва секин-аста, минг афсуски, секин-аста, уларнинг миясига ўтиради. Ана ўшанда Ўзбекистонда Ислом Карим раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг куни битади.