21 April 2014
19:12 - Испания Ташқи ишлар вазири Ислом Карим қабулида бўлди. У мамлакатда элчимиз бўлган, ҳозир уй қамоғида ўтирган масхарабоз Фуҳушанинг тақдири билан қизиқдими?
Бугун тарқатилган расмий хабарларда айтилишича, Президент Ислом Карим Испания Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальони қабул қилган. Улар суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишлари, халқаро ҳаёт, жумладан, Афғонистондаги вазият билан боғлиқ минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари атрофлича муҳокама қилишибди.

Хабарнинг мазмунидан кўринишича, учрашувнинг муҳим нуқтаси - Ўзбекистонда қўлланилаётгани учун Испаниянинг “Тальго”, “Максам”, “Инитек энергия” сингари поезд ва технологиялари борасидаги Ислом Каримнинг миннатдорчилиги бўлган.

Шунингдек, Испания вазири ўз ҳукуматининг раиси Мариано Рахой Брей номидан Ислом Каримни ўз юртига расман таклиф қилибди.

Аммо, Испания вазири яқингача Ўзбекистоннинг ўз мамлакатидаги элчиси бўлган Ислом Каримнинг Фуҳуша исмли қизини тақдири билан қизиқиб-қизиқмагани хабарда айтилмайди.

Одатдагидек, ЎзАнинг расмий хабарида учрашувчиларнинг биргаликда тушган расми йўқ. Меҳмоннинг икки ҳамкори билан тушган расми ва Ислом Каримнинг бўяб-чирмаб, ёш йигитдек қилиб қўйилган расми алоҳида-алоҳида қўйилган.

Шунингдек, Испания Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазилигида ўз ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан ҳам учрашиб, ҳар томонлама алоқаларни кучайтиришга оид масалаларда аҳдлашибди. Учрашув сўнгида улар биргаликда матбуот конференцияси уюштиришган. У ерда биронта пичоққа илинадиган мавзу тилга олинмаган.