17 August 2010
06:14 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Милиция фирибгарлар ҳимоячисими?!”
2009 йил декабрь ойида фуқаро Д.Тўхтасинова, унинг шериги Иззат исмли шахс ва участка нозири У.Лутфуллаевлар мени йўқлигимдан фойдаланиб, мен яшаб турган уйимга уйни сохта ҳужжатлар асосида ўзлаштириб, уйимга бостириб кириб, уйимдаги шахсий буюмларим, тилла тақинчоқларим, бир қанча миқдордаги пул маблағларим ва уй жиҳозларимни қўлларида ҳеч қандай асослантирилган ҳужжатлари бўлмай туриб, бевосита гувоҳлик қилувчи шахслар маҳалла оқсоқоли, участка нозири ва ушбу мулкнинг эгаси бўлмиш - менинг иштирокимсиз, ўзбошимчалик билан зўровонларча талон-тарож қилиб, гўёки барча буюмларимни маҳалла комитети раиси Клара опа исмли шахсга ташлаб кетишган.

Орадан икки ҳафта вақт ўтгач, қайтиб келиб уйга кирмоқчи бўлганимда унинг эшик қулфлари ўзгартирилганлигини кўрдим. Шундан сўнг қўшнилардан нима воқеа бўлганлигини сўраб билгач, эртаси куни ушбу ҳолат бўйича Ҳамза тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилдим ва орадан бир қанча вақт ўтиб, ушбу аризам юзасидан жавобгар бўлмиш фуқаро У.Лутфуллаев билан юзлаштириш ўтказилди. Ўтказилган юзлаштириш жараёнида мен У.Лутфуллаевга: “Бу ишлар хал бўлгунча уйда яшаб турай, менга калитни беринг, ҳамма нарсаларим ўша ерда” - деганимда, У.Лутфуллаев “Нарсаларингни махалла комитетидан оласан, биз уларни олиб чиқиб ташлаганмиз”, - деб жавоб берди.

Ушбу гаплардан соғлиғим ёмонлашиб, икки кун ётиб қолдим. Аҳволим бироз яхши бўлгач, нарсаларимни олиш мақсадида адвокатим ва терговчи Ш.Ҳожибоевлар билан маҳаллар фуқаролар йиғини раиси Клара опа олдига борганимда уйдаги қимматбаҳо нарсаларим, тилла тақинчоқларим ва пулларим, турли хужжатларим сақланадиган сандиғимни йўқлигини кўриб ҳайрон қолдим ва бу нарсалар қаердалигини сўрадим. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Клара опа Д. Тўхтасинова ва унинг шериклари ҳеч қандай қимматбаҳо буюмлар ва пул маблағлари ташлаб кетмаганлигини, сўраган нарсаларимдан фақатгина оч пушти рангли сандиғимни уша куни юк автомашинасида кўрганлигини, “бу кимники?” деган саволига Д.Тўхтасинова “Бу билан ишингиз бўлмасин” деб сандиқни олиб кетишганлигини айтди.

Бу талончилик натижасида мен жами бўлиб 30 800 000 (ўттиз миллион саккиз юз минг) сўмлик пул ва қимматбаҳо буюмларим ва укамга тегишли 1500 (бир минг беш юз) АҚШ доллари миқдорида пуллардан ажралиб қолдим. Минг афсуслар бўлсинким, ушбу шахсларнинг менга нисбатан зўровонларча қилган хатти-ҳаракатларига ҳеч қандай қонуний чора кўрилмади. Энг ачинарлиси шундаки, жавобгарлар Д.Тўхтасинова, унинг турмуш ўртоғи Иброхим, укаси Икром, шериклари фамилияси менга номаълум бўлган Бахтиёр ва Иззат исмли шахслар билан тил бириктириб, мени йўқлигимдан фойдаланиб, уйдан олиб чиқиб кетилган пул ва буюмларимдан ташқари мени алдаб, ишончимга кириб, ўзимга тегишли икки хонали уйимни сотиб юборишиб, уй олиб берамиз деб, ушбу уйнинг 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулини ва бундан ташқари 17 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштирган.

Ушбу иш юзасидан ариза ва шикоятлар билан терговчига бир неча марта мурожаат қилдим. Тергов жараёнида жавобгарлар мени алдаб, менга тегишли икки хонали уйни сотиб юборишганлигини тан олиб, сотиб юборилган уйимнинг ўрнига менга бир хонали уйни таклиф қилишган. Ахир ким ҳам икки хонали уйини бир хонали уйга алмаштиради? Мен улардан ўз уйимни қайтариб беришларини талаб қилганман ва таклифларига рози бўлмаганман. Терговчи Ш.Ҳожибоев қўлида Д.Тўхтасинова ва унинг ҳамтовоқларини айбини исботловчи далил ва исботлар етарли бўла туриб, ушбу далилларни кўра- билан туриб кўрмаганга олди, терговни бир томонлама, ўзи истаганидек олиб бориб, ишни жавобгарларнинг фойдасига ҳал қилди. Иш ёпилгандан сўнг, Д.Тўхтасинова мени кўчада тўхтатиб, “тайёр уйни олмадинг, ўша уйнинг пулини терговчига бериб, ишни ёптирдим, қўлингдан ҳеч нарса келмади-ку? Сен олмаган пулни бошқалар олди” деб, мени ҳақоратлади. Маълум бўлишича, бу аёл ўндан ортиқ кишиларнинг уйларини сотиб, фирибгарлик билан донғи чиққан аёл экан. У ҳозир қамалган, суд жараёнлари кетмоқда. Мени ажаблантиргани ана шундай фирибгарнинг ҳомийлари милиция эканидир.

Мен қаерга борай, кимга бош урай, фирибгарларнинг ҳимоячиси миршабларнинг ўзи бўлса?!