12 September 2009
00:50 - Абдураҳим Пўлатнинг Гуржистон-Россия конфликтига бағишлаган мақоласи гуржилар сайтида эълон қилинди
“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг ўтган йил Жанубий Осетия юзидан чиққан рус-гуржи урушидан кейин ёзилган “Кенигсберг-Курил муаммолари ва Россия- Гуржистон уруши” номли мақоласи “Ҳаракат” журналининг 2008 йил 4(73) сонида эълон қилинган эди.

Бу мақолада Россиянинг осетинлар ва Жанубий Осетияда яшайдиган оз сонли русларни ҳимоя қилиш баҳонасида бошлаган урушининг моҳияти очиб берилади. Россиянинг Гуржистон билан уруш бошлашининг асосий сабаби - янги кўринишда давом этаётган Рус империясияни сақлаб қолиш, бир маҳаллар руслар тарафидан босиб олинган Кёнигсберг ва Курилл оролларига даъвогар бўлаётган ёки бўладиган Германия билан Японияга, ахир бир кун мустақиллик исташи аниқ бўлган татарлар, бошқирдлар ва бошқа миллатларга сигнал бериш, улар олдида куч намойиш қилишдир, дейди Абдураҳим Пўлат. Унинг фикрича, Гуржистоннинг ҳудудий бутунлиги дунёнинг, биринчи навбатда, Ғарбнинг ёрдами билан ахир бир кун тикланади. Бунинг учун асосий йўл – Россияни дунёдан изоляция қилиш эмас, демократик дунёга интеграция қилиш, Россиянинг ўзини демократлаштиришдир.

Мақола шунчаки конфликтга муносабат кўрсатиш эмас, конфликтнинг илдизларини очиб бериш ва ҳатто муаммоани ечимини кўрсатиш моҳиятига эган. Демак, унинг актуаллиги тезда ўтмайди.

Гуржистанда Саакашвили ҳукуматига яқинлиги билан билинган “Грузия-Online” агентлиги шу мақоланинг бироз қисқартиришлар билан қилинган русча таржимасини ўз сайтнинг бош мақоласи сифатида эълон қилди (http://www.apsny.ge/analytics/1252608051.php). Бу факт ҳам “Бирлик” лидерининг мақоласи бир йилдан кейин ҳам актуаллигини йўқотмаганини кўрсатмоқда.

Алоҳида айтиш керакки, Украинани ҳисобга олмаса, МДҲга кирувчи мамлакатларининг биронтасидан мухолифат лидерлари Гуржистон-Россия урушига муносабат билдирмаганлар. МДҲ мамлакатларининг раҳбарлари эса, яна Украинадан ташқари, бу масалада феълан Россия раҳбарияти тарафини олдилар. Шу сабабли, Гуржистон МДҲдан чиқди ҳам.

Абдураҳим Пўлатнинг мақоласини русча таржимаси билан “Актуал Мавзу” бўлимида танишиш мумкин.