27 February 2023
02:24 - НОСИР ЗОКИР: Шоир Ҳайрулло Қосимни эслаб
Ўтган асрнинг 1985-йил собиқ СССР га М. Горбачёв раҳбар этиб тайинлангач, мамлакатда эркинлик шабадалари эса бошлади. Горбачёвнинг қайта қуриш ва ошкрралик сиёсати мамлакатдаги бошқа республикаларидаги зиёлилар сингари Ўзбек зиёлилари ҳам уйғона бошлади.

Ўша пайтда Наманганлик шоир Ҳайрулло Қосимнинг номи унинг сафдошлари Рауф Парфи, Дадаҳон Хасан, Муҳаммад Солиҳ Усмон Азим, Азим Суюн, Муҳаммад Юсуфлар қаторида тилга олинар эди.

Зиёлиларимиз "Бирлик" Халқ Ҳаракатига асос солишди. Вилоятларга ҳаракатнинг бўлимлари ташкил этилди. Ўша пайтда Ҳайрулло Қосим дўсти драматург, шоир Абдулла Жаббор билан бирга биринчи бўлиб Наманганга демократик ғояларни олиб келишди.

1989-йил ёзида "Бирлик" нинг Наманган вилояти бўлимини ташкил этиш қурилтойида Ҳайрулло Қосим ҳаракатнинг вилоят кенгаши раиси этиб сайланди.

Ҳайрулло Қосим ўша пайтларда шоир сифатида ҳам ижод қилиб, халқ дардини куйловчи ижодкор сифатида халқимизни меҳр-муҳаббатини қозонди.

1990-йили шоирни "Эй Туркий эл" номли китоби чоп этилди. 1993- Ноябр ойида уйимга милиция ҳодимлари бостириб киришидан олдин уйимдагилар тўплаб юрган китоб ва бошқа нарсаларимни қопга солиб уйимизни орқа томонига отиб юборишган.Мен қамалганимдан кейин бу ноёб нарсаларни қазоноққа ташлаб қўйишган.

2017-йил бошида ортимдан кузатувлар тўхтаганига амин бўлганимдан кейин қопни очдик. Китоблар салқинда туравериб эскирган.Шу китоблар орасида Ҳайрулло Қосимни "Эй Туркий эл"номили китоблари ҳам бор эди.

Ҳайрулло ака бугун орамизда йўқ. Лекин Ўзбек халқи уни шеърлари, Ватан мустақиллиги учун курашларини унутмайди.

Бугундан бошлаб Ҳайрулло Қосимнинг шеърлари, фикр мулоҳазарини ҳукмингизга ҳавола этиб борамиз. Зеро ёшларимиз тушиниб етсин, элу халқ, ватан озодлиги учун курашганлар номи ўчмайди.Ҳайрулло акамни Яратган рахматига олсин.

ЭЙ ТУРКИЙ ЭЛ

Элим, бағринг бўлмағай бут,
бўлмағай, бут, бирлашмасанг.
Талон бўлди бечора юрт,
бечора юрт бирлашмасанг.

Минг йиллик саф бўлди яксон,
Қаро бўлди тиниқ осмон.
Ҳар юракда ёнар армон,
ёнар армон бирлашмасанг.

Ажаб, содда, бунча ғўрсан,
Пешонаси бунча шўрсан,
Ажаб бунча очиқ кўрсан,
Очиқ кўрсан бирлашмасанг.

Ботин қайси, зоҳир қайси,
Мўмин қайси кофир қайси?
Билолмайсан ботир қайси,
Ботир қайси бирлашмасанг.

Келгиндидан не кутарсан,
Ёвни тани қўл кўтарсанг,
Ғофил қолсанг қон ютарсан,
Қон ютарсанг бирлашмасанг.

* * * * *

ДУО

Ёлғонлар толенинг ёрлиғи;
ҳижроннинг висолга зорлиги,
бу ёруғ оламнинг борлиғи,
рост сўзни айтмаса Шоирлар.

Чўл бўлиб қолади чаманлар,
донодан туғилар нодонлар,
зиндонга айланар ватанлар,
рост сўзни айтмаса Шоирлар.

Заволдан ёнади муҳаббат,
тўфондек қутирар жаҳолат,
кўксингни емирар разолат,
рост сўзни айтмаса Шоирлар.

Дуч келган Ҳаққа тош отади,
қуёш дод солганча ботади,
гўдакнинг тили ҳам қотади,
рост сўзни айтмаса Шоирлар.

Тазйиқдан қаламин ташласа,
муроса ошини ошаса,
золимга сиғиниб яшаса,
қирилиб кетсин-ей, Шоирлар.