20 February 2023
05:48 - Юсуф Жума:ТУЗУКЛАШИНГ ТАНГРИ ТУЗУКЛАРИДА, ОРЛАШИНГЛАР, СОФЛАШИНГЛАР, ЎЗБЕКЛАР…
Ғийбатлашинг, лофлашинглар, ўзбеклар.
Миш - мишларни тўплашинглар, ўзбеклар.

Эски ёғий - орсиз ўрис остида
Кўпайишинг, кўплашинглар, ўзбеклар.

Тамуғинггиз шу очундан бошланди,
Жаҳаннамда сафлашинглар, ўзбеклар.

Оранггиздан бирон орли кўкарса,
Туфлашинглар, чаплашинглар, ўзбеклар.

Йўқса сиз ҳам олий бўлинг - эл бўлинг,
Юрт дардидан гаплашинглар, ўзбеклар.

Ўч олинглар,сотқинлардан, ёвлардан,
Имон йўлин эплашинглар, ўзбеклар.

Тузуклашинг Тангри тузукларида,
Орлашинглар,софлашинглар,ўзбеклар.

19 февраль, 2023 йил.

* * * * *

Гил эмасдир ўзга юртлар гиллари,
Чинакам гил Қоракўлнинг гилидир.
Йўл эмасдир ўзга юртлар йўллари,
Чинакам йўл Қоракўлнинг йўлидир.

Боларилар бол йиғмайди гуллардан,
Йиғадилар қизлар ўтган йўллардан,
Бол ёғилар юзларидан - оллардан,
Чинакам бол Қоракўлда бўлади.

Қуёш кўкка юзларидан юқади,
Чинакам кун Қоракўлдан чиқади,
Оташидан бол кўллари ёғади,
Чинакам кўл Қоракўлда бўлади.

Қўли ширин - болдир бармоқ излари -
Сели ширин - асал сели - ислари,
Тили ширин - тоза ўғиз сўзлари,
Чинакам тил Қоракўлда бўлади.

Чин эр чиқса очуннинг қай еридан -
Унган Бойкент эрларининг эридан,
Турон унсин Ўғизхоннинг тўридан,
Чинакам эл Қоракўлда бўлади.

2023 йил, 16 февраль.

* * * * *

Яратма Ўзингни билмаганларни,
Яхшидир дунёга келмаганлари.
Ўлган дўстларим деб ичим ёнади,
Менга ташланади ўлмаганлари…

2023 йил, 18 февраль.

* * * * * * * * * *