16 February 2023
17:17 - Юсуф Жума: ШОВРУҚ, ЖУМА, ЭР ҚАҲРАМОН…ҚАНДОҚ ЙИГИТЛАР ЭДИЛАР?!…

Шовруқ, Жума, Эр Қаҳрамон
Қандоқ йигитлар эдилар?!
Элга қилич, юртга қалқон,
Чақмоқ йигитлар эдилар!

Қанчасини сотмадилар,
Қанчасини отмадилар?!
Эркка етолмай ўтдилар,
Чанқоқ йигитлар эдилар.

Ота Турон, она Турон,
Қуладингми ор - номус - шон?!
Уйқуда эл - улус - нодон,
Уйғоқ йигитлар эдилар.

Ерфурушга қолдику юрт,
Ёрфурушга қолдику юрт,
Орфурушга қолдику юрт,
Ор - оқ йигитлар эдилар.

Чин дин билан - имон билан,
Қуръон билан - Фурқон билан,
Тангри билан - Раҳмон билан
Қўшоқ йигитлар эдилар!

Ўзидадир чақмоқларим,
Ўзидадир уйғоқларим,
Ўзидадир иноқларим,
Иноқ йигитлар эдилар.

Бирдан кўч бўлиб қайтарлар,
Чексиз куч бўлиб қайтарлар,
Қасос - ўч бўлиб қайтарлар,
Байроқ йигитлар эдилар!

2023 йил, 14 февраль.

* * * * *

Ўзим билан ўйлашаман,
Ўзим билан сўйлашаман.
Ўзим билан жўровозман -
Ўзим билан куйлашаман.

Элимдан киши топмадим,
Оламдан киши топмадим.
Киши топган чоғимда ҳам
Бир эси яхши топмадим.

Бир очиқ кўзли топмадим,
Орли - номусли топмадим.
Юзма - юз дардлашай десам,
Биронта юзли топмадим.

Тинмас ел бўлиб қидирдим -
Бутун эсли - қизил юзли.
Бут эсли - оқ юзли бўлар,
Бўлар оқ юзли - бут эсли.

Беюзлардан чарчаганман,
Беэслардан чарчаганман.
Узоқ йиллар эл бўлар деб
Бетсиз элга сайраганман…

Эсиз бетлари ўрнида
Бошқа нарсани кўраман.
Ногоҳон кўзим тушганда
Бетиним қусиб юраман.

Ўзим билан ўйлашаман,
Ўзим билан сўйлашаман.
Ўзим билан жўровозман -
Ўзим билан куйлашаман…

Кўк ҳам қошимга тушмади,
Ўзига кўк парда тортган.
Юзи борга ўхшамайди,
Юзсизларни шу яратган…

2023 йил, 15 февраль.

* * * * *

Отаси - Қўрқоқлик, бу номард элнинг,
Онаси - Хиёнат, эсиз йўқ юзи.
Ўғли - Сотқинқулдир Қўрқоқлик ўғли,
Қизи - Хоинчўри Хиёнат қизи.

Дўстман деб алдашар, ёвни ялашар,
Ёрман деб алдашар, ёвни тилашар.
Ерда туриб этса, этмасди алам,
Бошингда ёнбошлаб ёвни силашар.

Ўзинг туққанлар ҳам алдашар ҳатто,
Болангман, қизингман деб алдайдилар.
Сени ётдан бурун этарлар адо,
Ётга ишлаб, ётдан болалайдилар…

Номуссиз галадир - дунёнинг қули,
Минг соқовча тилда иш сўраш - сўзи.
Ўғли - Сотқинқулдир Қўрқоқлик ўғли,
Қизи - Хоинчўри Хиёнат қизи…

2023 йил, 14 февраль.