19 December 2022
07:15 - Юсуф Жума: ТАНГРИ БИТТА - ДЎСТИМ ҲАМ БИТТА - БИРИНЧИ ВА ОХИРГИ ДЎСТИМ…


ЎЧ ОЛИНГ, САРВАР БИЛАН -
ОЛЛОҲИ АКБАР БИЛАН!!!…


Ҳар ҳужайрам - арслон,
Ҳар бир ҳужайрам - қоплон.
Йўлбарс, бургут, лочинсиз,
Ҳар биринг чиндан чинсиз.



Олға, алп арслонлар,
Олға, ўжар қоплонлар!!!
Йўлбарс, бургут, лочинлар,
Олға, олға, қўшинлар!!!
Ҳар биринг сарвар билан -
Оллоҳи Акбар билан!!!

Ернинг юзи бузилди,
Ҳатто осмонлар оғди.
Бошқалар сотқинлардир,
Бошқалар ёвуз ёғий.

Барини поралаймиз,
Очунни тозалаймиз.
Тангри - буюк қўмондон,
Тиклансин она Турон!!!
Ўч олинг, сарвар билан - 
Оллоҳи Акбар билан!!!

Ёғийни ҳам аяди,
Ёвлари аямади.
Хиёнат оғулади -
Эр хоқон Атилани.

Темурхонни ўлдирди -
Атила қотиллари.
Кўлларида оғулар,
Оёғингда тиллари…

Олға, олға, қўшинлар,
Ўч кунлари шу кунлар.
Арслонлар, қоплонлар,
Йўлбарс, бургут, лочинлар.
Ўч олинг, сарвар билан -
Оллоҳи Акбар билан!!!

Ўчнинг йўли кўмилди -
Эркнинг кўзи юмилди.
Тўққиз кўким сотқину
Ёв қонига чўмилсин!!!
Барини поралаймиз,
Очунни тозалаймиз!!!

Тангри бузса - тикланмас,
Ким ҳам ҳақдан ўзади?!
Тангри тикласа - ким ҳам
Бирдан кучли - бузади?!
Тангри - буюк қўмондон,
Тиклансин - она Турон!!!

Олға, алп арслонлар,
Олға, ўжар қоплонлар.
Йўлбарс, бургут, лочинлар,
Олға, олға, қўшинлар,
Ўч кунлари шу кунлар.
Ўч олинг, сарвар билан -
Оллоҳи Акбар билан!!!

2022 йил, 17 декабрь.

Онагинам ўтди, водариғ,
Биринчи ва охирги дўстим.
Мен - изидан оққан хун ариқ,
Биринчи ва охирги дўстим.

Атамадим кимларни ёрон,
Ким ичмадм юрагимдан қон?!
Йўқ яшашга ягона имкон -
Биринчи ва охирги дўстим.

Элим дедим, улусим дедим,
Пасткашларни азизим дедим,
Барча ёғий, эсиз, йўқ энди
Биринчи ва охирги дўстим.

Ҳамма учун жон тикдим ҳар он,
Онамгачи, эвоҳ, ҳеч қачон.
Мен учун жон тиккан ёлғиз жон -
Биринчи ва охирги дўстим.

Айрилдиму тақдирим - аза,
Кўзим қондан бўлмади тоза,
Энди толе очмас дарвоза,
Биринчи ва охирги дўстим.

Дўст кўп демоқ - янглиш - энг катта,
Байроқ эмас ҳар битта латта,
Тангри битта - дўстим ҳам битта -
Биринчи ва охирги дўстим.

Онанг бўлиб - сен билан Тангри,
Ардоқлагин фақат Тангрини!
Нетай, қолдим Тангридан айри,
Биринчи ва охирги дўстим.

2022 йил, 17 декабрь.

Икки газлик бўйинг менга чексиз кенг,
Сенсиз ўн саккиз минг олам чексиз тор.
Борлиғи эмасдир бир сулувга тенг,
Ўзини кўрсатган сенда БируБор!

Дудоғингга сиғдим - ўт бўлиб сиғдим,
Ёноғингга сиғдим - ўт бўлиб сиғдим,
Оёғингга сиғдим - ўт бўлиб сиғдим,
Ўзини кўрсатган сенда БируБор!

Оташ бўлиб сиғдим - ўчмас норингга,
Сиғдим ол олмангга, ол анорингга,
Булбул бўлиб сиғдим - ол гулзорингга,
Ўзини кўрсатган сенда БируБор!

Сенда БируБорни кўрмаган - кўзсиз,
Юзинг деб юзин доғ этмаган - юзсиз,
Севгингдан эсидан оғмаган - эссиз,
Ўзини кўрсатган сенда БируБор!

Эсим адашмаса кўркингдан роса,
Ҳазрати Исодай бўлардим тоза,
Сени кўрса Исо бўлмасди Исо,
Ўзини кўрсатган сенда БируБор!!!

Ҳар изингдан Тур тоғи ҳам синади,
Юрганингда Тур тоғлари унади,
Мусо ҳақдан ҳақ деб сенга энади,
Ўзини кўрсатган сенда БируБор!!!

Ўзини жойлаган икки газ ерга,
Ўзини бойлаган икки газ ерга,
Ўзини сийлаган икки газ ерда,
Ўзини кўрсатган сенда БируБор!!!

Ҳар ҳужайранг ойу кундан шуълали,
Сени яратмаса - ойдин - жўяли,
Буюклиги бўлар эди шубҳали,
Ўзини кўрсатган сенда БируБор!!!

2022 йил, 17 декабрь.


Дўстим У.нинг ўғлига дегани.


Оловда гуноҳ йўқ, ўтинда не жам?!
Оташни ўчириб, тутайсан ҳар дам.
Сиртингда ўзимни кўраман, болам,
Ичингда ўзгани кўраман,болам.

Чақмоқ - чақин тушса, ёқса ўрмонни
Ўт бўлиб осмонни қамрайди буткул.
Тезак уюмига тушса - йўқ шони,
Тутун бўлиб тугар - уюм - уюм кул.

Яшинда гуноҳ йўқ - йилдирим бекам,
Иркит жойга тушган - тақдирга қарам.
Сиртингда ўзимни кўраман, болам,
Ичингда ўзгани кўраман, болам…

2022 йил, 17 декабрь.