02 December 2022
10:48 - Вазир Пўлат Бобожонов жамоатчилик унинг истеъфосини талаб қилаётганидан хабардор экани маълум қилинди! Аммо, вазир жавоб бермагани жуда қизиқ экан?
Блогер ва публицист Шокир Шарипов Ўзбекистон Ички Ишлар Вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, Тошкент шаҳрида бир кишилик “пикет” уюштирган экан. Шунингдек, бу таклиф вазирликка етказилгани, лекин шу пайтгача у алоқага чиқмаганини билдирганди.

Публицист ва блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, 22 ноябрь куни пойтахтда бир кишилик пикет уюштирганди. У Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 15 ёшли боланинг уриб ўлдирилиши сабаб пикет ўтказишга қарор қилганини айтган.

“Тизимни ислоҳ қилиш йўлидаги ишлар бир жойда депсиниб тургани, айниқса, ички ишлар биноларидан инсонлар мурдаси чиқаётгани мени ташвишга солади. Қўқондаги ИИБ муассасасида 15 ёшли бола ўлдирилиши бу ерга чиқишимда асосий омил бўлди”, деганди ўша жамоатчилик фаоли.

У бундай ҳолатларда ички ишлар вазири шахсан халқ билан мулоқот қилмаётгани сабабли ҳам унинг истеъфосини сўраётганини айтади.

1 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазирнинг ўзи, яъни Пўлат Бобожонов жамоатчилик ўз истеъфосини талаб қилингани, шу мақсадда ўтказилган пикетдан хабардор эканини таъкидлабди.

“Аммо, журналистнинг аниқ қандай саволлари бўлса, шунга жавоб берайлик, учрашайлик, дедик.Чунки блогернинг BBC’га берган интервьюсида аниқ бир масала кўрсатилмаган. Фақатгина матбуот хизмати ҳақида гапирилган.

Мен ҳайрон бўлдим, бу одамни илгари танимас эканмиз. У одам колумнист экан. Биз блогер билан боғланишини таъкидладик. У эса боғлаб беришини айтди. Лекин шу пайтгача бу одам биз билан боғланмади, гаплашмади, аниқ савол ҳам қўймади”, - дебди вазирнинг матбуот котиби.

BBC нашри Ички Ишлар Вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистон ҳукуматидаги матбуот ва маҳаллий журналистлар учун энг ёпиқ бўлган амалдорлардан эканини қайд этибди.

Матбуот анжуманида журналистлар ички ишлар вазири нима учун оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказмаслигига ҳам изоҳ сўрашди.

“Вазиримиз йилда икки марта Сенатда жамоатчилик олдида ҳисобот беради. Бу нарса доимий равишда ёритиб борилади. Бундан ташқари, вазиримиз вилоятларга борганида у ердаги ОАВ вакиллари саволларига ҳам жавоб беради, улар ҳам таклиф этилади. Балки бизнинг айбимиз буни ёритиб бера олмаётганимиздир”, - дебди у бечора вазирнинг матбуот котиби.

Журналистлар бу жавоблардан қониқмаганларини билдириб, 9 декабрь кунига белгиланган навбатдаги матбуот анжуманида шахсан Пўлат Бобожонов қатнашиши ва ОАВ вакилларининг саволларига жавоб беришини талаб қилишди. Вазирнинг матбуот котиби бунга жавобан: “Таклифларингизни албатта етказамиз”, дея олибди холос.

Эслатиб ўтамиз, Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирилганидан бир ҳафта ўтгач, ИИВ матбуот хизмати ҳафтанинг ҳар пайшанба куни мунтазам равишда матбуот анжуманларини ўтказиш йўлга қўйилишини маълум қилган экан.