14 November 2022
16:54 - “Бизни бошқа давлат ҳудудлари қизиқтирмайди” - Херсонга келган Володимир Зеленский Украина муваффақияти ҳақида

Украина Президенти Володимир Зеленский озод қилинган Херсонга етиб келди, деб хабар бермоқда Reuters ва AFP ахборот агентликлари.

“Биз олдинга силжиб боряпмиз”, деди ВолодимирЗеленский украиналик аскарларга мурожаат қилиб.

“Биз тинчлик, бутун мамлакатимиз учун тинчлик бўлишига тайёрмиз”, - дея Украина президентининг сўзларини келтиради Reuters агентлиги.

Бундан ташқари, Володимир Зеленский НАТО ва Украинанинг бошқа иттифоқчиларига Россияга қарши урушда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Унинг сўзларига кўра, HIMARS юқори мобилликдаги реактив артиллерия тизимларини АҚШдан етказиб бериш Киев учун катта аҳамиятга эга эди.

Украина Қуролли кучлари қайси йўналишда олдинга силжиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Володимир Зеленский шундай жавоб берди: “Москвага эмас... Бизни бошқа давлат ҳудудлари қизиқтирмайди”.

Бундан олдин Украина президенти Володимир Зеленский Херсон вилояти аҳолисидан оккупацион кучлар минтақада қолдириши мумкин бўлган портловчи қурилмалар туфайли ҳушёр бўлишни сўраганди.

“Афсуски, миналардан тозалаш вақтида сапёрларимиздан бири ҳалок бўлди, яна тўрт нафари яраланди. Мен Херсоннинг барча аҳолисидан эҳтиёт бўлишни ва барча хавфли нарсалар ҳақида зудлик билан қутқарувчиларга хабар беришни сўрайман”, - деди Володимир Зеленский.

Украина раҳбари минтақада қўпорувчи гуруҳларни, шунингдек, россиялик аскар ва ёлланма аскарларни қидириш давом этаётганини таъкидлади.