11 November 2022
21:22 - “Қийноқ ва ўлимлар бу – симптом. Асл муаммо тизимда”, демоқда фаоллар ўлимлар ҳақида

Ўзбекистонда тергов ва вақтинча сақлаш муассасаларида бўлаётган қийноқлар, уларни келтириб чиқараётган сабаблар таҳлилига оид интервьюлар ўтказдик. Суҳбатдошларимиз Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Расул Кушербаев бўлди.

Аввалроқ Самарқандда 15 суткага қамалган йигит жазони ўташ муассасасидан тирик чиқмагани ҳақида эшитган бўлсак, бир неча кун ўтиб Фарғона вилоятидаги ички ишлар муассасаларидан 2 фуқаронинг ўлиги чиққанидан хабар топдик.

Аммо ҳозирча бу воқеалар юзасидан на Ички Ишлар Вазири ва на тизимнинг ҳудуддаги раҳбари тушунтириш ёки изоҳ бермади. Гўё бу каби ҳолатлар, инсонлар ўлими худди одатий, тез-тез қайтарилиб туриши керак бўлган ҳолдек.

Терговда, сақлаш хонасида одам ўлади, яқинлари марҳум қийноққа солингани, унинг танасида жароҳат излари очиқ-ойдин кўриниб турганини айтиб дод солади, ОАВ уни ёритади, жамоатчилик хавотирларини билдиради, аммо бу дод-фарёдларга бирор масъул жавоб бермайди. Узоғи, марҳумлар қандайдир касаллик билан ўлгани ҳақидаги икки-уч қаторли маълумотларнигина ўқиймиз холос.

Савол: Яқин икки ҳафта ичида Ўзбекистонда ички ишлар идораларининг фуқароларни вақтинча сақлаш муассасаларидан учинчи ўлик чиқмоқда. ИИВ марҳумларнинг ўлимига улардаги касалликлар сабаб бўлаётганини айтди, аммо марҳумлар танасидаги моматалоқ излари, уларнинг яқинлари бераётган баёнотлар марҳумларнинг касалликдан эмас, оғир қийноқ ва зарбалар таъсиридан ўлганини кўрсатаётгандек.

Учала ҳолат бўйича сиз раҳбарлик қилаётган Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти томонидан қандайдир мустақил текширувлар ўтказиш имкони бўлдими?

Абдураҳмон Ташанов: Мен масалага сал кенгроқ тўхталган бўлардим. Масалан, қийноқ ўзи нима ва у қандай юзага келади? Бизда қачондан бери бор? У ҳақда халқаро конвенцияларда нима дейилган-у, миллий қонунчилигимиз нима дейди?

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексида қийноққа солиш бўйича алоҳида моддалар бор. Бу процессуал ҳаракатлар давомида маҳкум, гумонланувчи ёки жазони ўтаётган шахсларни қийноққа солиш билан боғлиқ.

Умуман олганда бутун дунёда қийноққа солиш тушунчаси бор. Кишилик жамияти бошлангандан бери унинг олдини олишга ҳаракат қилиб келинади.

Ўзбекистон 1995 йилда “Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши” конвенцияга қўшилган. Биз шу ратификация асосида БМТнинг Қийноқларга қарши кураш қўмитасида тўрт йилда бир марта мавсумий ҳисоботлар бериб келамиз.

Саволингизга жавоб берадиган бўлсам, бизга ҳали бу каби масалаларда мустақил текширув ўтказиш ваколатимиз ҳам, имкониятимиз ҳам кам ва ҳатто бунга йўл ҳам беришмайди.

Бу ерда гап шундаки, биз ўттиз йиллик даврда қийноқларга кўникиб қолдик. Масалан, шу йилларда бир неча юзлаб одамларнинг ўлиги чиққанди. Лекин иккинчи маъмурият даврида бу ҳолатлар анча камайди. Буни эътироф этишимиз керак.

Масалан, аввалги ҳукумат қийноқлар борлигини тан олмасди. Тан олинмагандан кейин эса у билан курашилмайди. Ўлган одамлар эса касалликдан, юрак хуружидан ўлган бўлиб чиқарди.

Ўша пайтда бир неча прокурорлар, ички ишлар ходимлари, қийноққа йўл қўйган бошқа ходимлар ишдан олинди.

Қийноқ бу – симптом. Яъни кўриниб турган ҳолат иситма, танага чиқаётган яра. Уни асл сабаби эса танада, яъни тизимда. Тизим эса ўзини вақти-вақти билан шундай фош қилиб қўяди.

Савол: Якунланаётган ҳафтада эшитган учта ўлим ҳолатимиз бўйича ҳақиқий суриштирувлар ўтказилиб, иш борича очилишига ишонасизми?

Абдураҳмон Ташанов: Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларига қараганда бунга ишонмайман. Мана ҳозир ОАВ орқали чиқишлар қиляпмиз ва бу чиқишлар энг юқори турувчи раҳбариятларга етиб борса ҳамда улар талабни қаттиқ қўйса, бу масала бошқачароқ ўрганилади. Ўшанда ҳам, гап белгиларда эмас, балки тизимда. Бу биз билганларимиз. Лекин билмаган ҳолатларимиз қанча.

Савол: Қўқондаги ҳолат бўйича айбни ўша ерда сақланаётган икки болага ағдаришмоқчи, деган гапларни эшитяпмиз. Шундай бўлиши мумкинми?

Абдураҳмон Ташанов: Ҳа, бу жаҳон тажрибасида бор ҳолат. Киноларда кўрсангиз, кимлардир бўйнига олади ва қамалиб кетади. Кимлардир ҳақсизлик қурбони бўлади. Эшитишим бўйича, Қўқондаги реабилитация маркази директорининг қайноғаси ўша куни навбатчи бўлган экан. Ҳозир юқори ташкилотлардаги ходимлар ўша ерда экан, ҳаммани ишдан бўшатишаётган эмиш.

Умид қиламизки, бу масаланинг тагига ҳали етилади. Бу тўғрида бир қанча фильмлар ҳам қилинди. Баъзи кадрлар одамни жунбишга келтиради. Ҳаттоки икки кунлаб мурдаларни эгаларига беришмаган. Бу ҳолатларга қандай қилиб жамоатчилик бефарқ бўлиши мумкин. Ўйлайманки, бу масалаларнинг охирига етилади. Агар етилмаса, уятли ҳолатда қоламиз.

Cавол: Нега Ўзбекистонда қийноқлар тўхтамаяпти: нима, бизникилар гумонланувчини уриб ўлдирмай тергов қилолмайдими, тизимга ишга кирган киши шахс сифатида инсонийликни бутунлай йўқотадими, терговчилар малакасизми, ё тизим бошида уни эплолмайдиган, жиловни қўлдан чиқариб юборганлар ўтирибдими?

Сабаб нима?

Расул Кушербаев: Бир нарсани тан олиш керак? Биздаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасининг модели қаердан олинган? Бу совет иттифоқидан қолган ва бу қолипдан ҳали ҳам кечганимиз йўқ. Совет иттифоқи даврида давлат деган тушунча бўлган. Бу тизим ҳам шунга мослаб яратилган экан. Аёвсиз репрессияларни қўллаш, зиёлиларни йўқотиш, қулоқ қилиш. Ана шу даврдан шаклланиб келган бу тизим. Биз мустақиллик даврида ҳам худди шу қолипни олдик ва ўзимизнинг тизимга қўйдик. Деярли ўзгариш бўлмаган. Тадқиқотлар бўляпти, лекин у тадқиқот натижасида бирор тизимнинг обрўсига путур етиши ва қўлини кесиб қўйишини шу тизимдагиларнинг ўзи хоҳлашмайди.

Шу сабабдан бу жараёнлар давом этиб келмоқда. Биз баёнотларда қийноқларга қарши курашаётганимизни бот-бот такрорлаяпмиз. Лекин қийноққа қарши ким курашади, қайси ташкилот бунга масъул этиб белгиланган? Унинг назоратини ким олиб боради? Яна айланиб ўша ташкилотларнинг ўзига борамиз. Қийноқларга қарши курашаверган билан, буни назорат қиладиган алоҳида ваколатли орган бўлмаса, бундан натижа чиқиши қийин.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг ўзи бунга қарши курашишни ҳақиқатдан хоҳлайдими, йўқми, деган саволдан келиб чиқиш керак-да. Ҳозирги бўлаётган воқеалардан хоҳламаяпти деган тушунча келиб чиқяпти. Адашмасам, 2019 ёки 2020 йилда Омбудсман ҳисоботларида бир нарса эътиборимни тортди. Унда айтилишича, 11 ой давомида 139 та маҳбусдан қийноқ ҳолатлари бўйича шикоятлар келиб тушди, аммо бирортаси ҳам тасдиқланмади. Бу ерда 139 та фуқаро туҳмат қилган бўлиб чиқяпти. Кейин мен қизиқиб, тухмат бўйича бирор киши жавобгарликка тортилдими деб сўрадим. Улар бу билан қизиқишмаганини айтишди. Кейин ўзим ҳам қизиқиб, бу саволнинг изига тушдим.

Қийноқ қўллашни белгиловчи биринчи фактор бу – қийноқ қўллашни тасдиқловчи тиббий экспертиза хулосаси экан. Аммо экспертизани ўтказадиган ташкилот айнан ўша органга бўйсунар экан. Нима учун ССВга ёки бошқага бўйсундирилмаган. Бундан барча саволларга ўз-ўзидан жавоб келиб чиқяпти. Қайси идора ўзининг айбини очиб берадиган амалиётга рози бўлади?