01 November 2022
02:10 - Юсуф Жума: ДЕНГИЗГА ҚЎШИЛГАН - ТОМЧИ ҲАМ ДЕНГИЗ, СЕНДАН ЗЎР БОР ЭКАН, СЕН ЗЎР ЭМАССАН…

Қир бўлсанг, мақтанма, мендан зўр йўқ деб,
Сендан зўр бор экан, сен зўр эмассан.
Тоғларнинг қошида заифсан, заиф,
Сендан зўр бор экан, сен зўр эмассан.

Тоғ бўлсанг, мақтанма, деб - мендан зўр йўқ,
Чўққингдан кўп юксак тўққизта зўр кўк,
Бирининг олдида эмассан бир юқ,
Сендан зўр бор экан, сен зўр эмассан.

Кўк бўлсанг, мақтанма, йўқ деб мендан зўр,
Сени яратганни кўрмайсанда, кўр,
Урвоқ бўлиб юкин, қошида бош ур,
Сендан зўр бор экан, сен зўр эмассан.

Чинакам эрларнинг эри зўр бўлар,
Ишончида Бири, Бири зўр бўлар,
Ўзида тўрлайди - тўри зўр бўлар,
Сендан зўр бор экан, сен зўр эмассан.

Дам урсам, ҳовримдан қуёш тутилар,
Йигитлигим кундан - кунга етилар -
Ёвузликка қарши кўнглим отилар,
Сендан зўр бор экан, сен зўр эмассан.

Юсуф зўрман деса - чиндир, не боис
БируБоридадир кечаю - кундуз,
Денгизга қўшилган томчи ҳам денгиз,
Сендан зўр бор экан, сен зўр эмассан.

2022 йил, 28 октябрь.

* * * * *

Менинг ўлмасликдек чексиз чеким бор -
Тангридан юқишган - сўзим - юқим бор.
Ўзидан ўзганинг қўлига боқсанг -
Умрда кирим йўқ, фақат чиқим бор…

2022 йил, 27 октябрь.

* * * * *

Кимнингдир феълида қуёни бордир.
Кимнингдир феълида юмрони бордир.

Кимни билай десанг - қилиғидан бил,
Кўпчилик феълида илони бордир.

Этмоқ шарт - танини бошидан озод -
Ёвузлар феълида сиртлони бордир.

Янтоқ гулларининг болидан - сулув,
Шу боис феълида тикони бордир.

Севгиси чексиздир, ўпкаси чексиз,
Юсуфнинг феълида раҳмони бордир.

2022 йил. 27 октябрь.


Дудоғингнинг боллари
Тошдими, ё тошмади?!
Кокилларинг ерларга
Тушдими, ё тушмади?!

Боғингнинг довчалари -
Олма,нор олчалари -
Жонимнинг парчалари
Пишдими, ё пишмади?!

Чўкдим - кўзим сойига,
Чиқди жоним жойидан.
Энди кўнглинг жойига
Тушдими, ё тушмади?!

Қароғларинг оташи -
Оташ - оташ қараши,
Чиққан жоним - қуёшни
Жон жойидан тешдику?!

2022 йил, 27 октябрь.

* * * * *

Бағрингга босаяпсан - тухум топ - тоза - оппоқ,
Кўнглинг кўкдир, руҳинг - кўк, сирти оқ, ўзи қайноқ.
Ўйламайсан - бу тухум оққушнинг тухумими,
Илоннинг тухумими?! Улғайгунча чақалоқ…

2022 йил, 30 октябрь.

* * * * *

Ҳазил.

Чўнтагинг бўм - бўшми, демак - уруғ пуч:
Дўсту - ёр унмайди, ёлғизсан, нотинч.
Уруғинг тўқ бўлса - тўқ бўлса киссанг,
Кун қўйнингга тушар - кўзингни қиссанг…

2022 йил, 30 октябрь.