28 October 2022
21:25 - Сардор Умрзоқовга метан-шохобчалар бўйича текширув ўтказишга топшириқ берилгани ҳақида: “Булар қачонгача газни ўғирлайди ?”

Бугун президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов иссиқхоначилар газдан узиб қўйилгани юзасидан тафтиш ўтказишни буюрди. У АГТКСлардаги газ ўғриликлари масаласини ҳам кўтариш вақти келганини айтди: “Валломат бўлмайдими, ким бўлишидан қатъи назар, ўғирлаган газини тийинигача тиклатамиз”.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовнинг газ таъминотидан узилган иссиқхоначилар борасида масъуллар билан ўтказган йиғилиши аудиоси тарқалди. Айнан шу ерда ҳамма нарса Сардор Умрзоқовнинг елкасига қўйилган экан.

Маълум бўлишича, администрация раҳбари иссиқхоналарни газдан узиб қўйган масъулларнинг ҳаракатини “зўравонлик” деб баҳолаб, бу орқали бор-йўғи 1,5 фоиз газ иқтисод қилиниши, лекин экспорт ва иш жойлари “ўлдирилгани”ни таъкидлаган.

“Тошкентга келган кечаги тадбиркорлар ҳудудлардаги газ таъминоти ташкилоти томонидан умуман огоҳлантиришсиз [газдан узилган]… Ҳозир улардан сўрасангиз, огоҳлантирганмиз, дейди. Қандай огоҳлантиргансизлар: бориб огоҳлантириб, шартта газни узган. Энг ёмони, кўп тадбиркорларимиз газнинг пулини олдиндан тўлаб қўйган. Бу ҳаққоний ва адолатли эътирозларни вужудга келтирди. Яна тадбиркор ёмон, ким яхши унда? Зўравонлик қилган пастдаги газнинг ходимчаси яхшими?

Энг заиф ва жавоб беролмайдиган қатламни қурбон қилишга аҳд қилдик. Майли, 1,5 фоиз газни иқтисод қилдик, бунинг ҳисобига экспортни ва иш жойларини “ўлдирдингиз”, кредитини тўлолмай, тадбиркор банкротга учрайди. [Кейин] нима қилади булар? Ким буларга жавоб беради? Мен бекорга ҳозир ДХХ раҳбарларини ҳам чақирмаганман. Бу давлат хавфсизлигига таҳдид қиляпти ёки нотўғрими? Эртага экспортни давлатга ким тиклаб беради? Тадбиркорга даромадини ким тиклаб беради, ким кредитини қайтариб беради?” – дебди Сардор Умрзоқов.

Йиғилишида айтилишича, 4та вилоят – асосан Бухорода, шунингдек Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида иссиқхоналар газдан узилган.

Сардор Умрзоқов Президент администрациясининг назорат инспекцияси бошлиғи Саидлазиз Саидкаримов, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Турабов ва Бош Прокурор Ниғматулла Йўлдошевга топшириқ берган:

“Сизларга топшириқ – мана шу 4та вилоятнинг “Ҳудудгаз” бошқармаси бошлиқлари қилган ишларни ўрганасизлар. Нимага асосан қилди, фаолиятини текшириб берасизлар.

Агар битта кичкина жиноят аломати бўлса, сўрамасдан жиноий жавобгарликка тортасизлар. Қонун доирасида. Менга ёзиб берибсизлар, огоҳлантириш, ҳайфсан… “Проста так” бирортаси қутулмаслиги керак. Агар кўрсатмани раҳбарига [қарши] берса, раҳбарини ҳам [жавобгарликка] тортасизлар. Раисми, муовинми, ким бўлишидан қатъи назар”, – деган администрация раҳбари.

Сардор Умрзоқовнинг сўзларига кўра, газдан узилган иссиқхоналар орқали 10 мингга яқин аҳоли доимий даромад ва иш ўрни билан таъминланган бўлган.

“Улар нима бўлади? 10 минг одам бу – оиласи билан 50 минг одам дегани. Шунча одам норози ва камбағаллик даражасига тушиб кетади. 50 мингтаси эртага кўчага чиқади. Нимага ва кимга керак бу?

Биздаги “газ-заправкалар”га қанча ўғирланиб, газ сотиляпти. Ўзи вақти келди, бунинг ҳаммасини кўтариб, жиноий жавобгарликкача тортиш керак. Қачонгача булар газни ўғирлайди? Нариги ёқда ҳалол, пешона терини тўкиб, рискка бориб меҳнат қилаётган одамларнинг орқасидан 10 минг оиланинг қозони қайнаяпти. Бу фақат тўхтатилгани. Булар нонсиз қолиши, қийналиши керак[ми]?

Ҳаммасини кўтаринг, “заправка”ниям, бошқасиниям. Валломат бўлмайдими, ким бўлишидан қатъи назар. Ўғирлаган газини тийинигача тиклатамиз”.

Шундан кейин Сардор Умрзоқовга ҳисобот берган, сўзларидан ҳукумат расмийси экани англашиладиган шахс айни пайтгача 48 та иссиқхона газга улангани ва улаш ишлари давом этаётганини айтган.

“Сиз менга бугун кафолат хати ёзиб берасиз, тагига ҳар бир иссиқхонанинг номи билан ёзиб чиқасиз. Биттаси қолиб кетса ҳам, мендан хафа бўлмайсиз”, – дея унга қарата сўзлаган администрация раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, ҳаво совиши туфайли республика бўйлаб иссиқхоналарга газ етказиш тўхтатиб қўйилган, тадбиркорлар эса етиштирган ҳосилининг нобуд бўлиши мумкинлиги сабаб норозилик билдирган эди. Иссиқхоначилардан бир гуруҳи Тошкентга келиб, Президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида уларни қабул қилишларини сўраганди.

Шундан кейин масъуллар бир неча тадбиркор билан учрашди. Масалага президент Шавкат Мирзиё ҳам эътибор қаратиб, масалани зудлик билан кўриб чиқишни буюрибди.