29 September 2022
15:11 - Сенат: ССВ ва Маданият Вазирлиги очиқликка оид ҳужжатлар ижроси бўйича камчиликларга йўл қўйган
Сенат Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларининг Соғлиқни сақлаш ва Маданият вазирликларидаги ижро ҳолати муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ушбу вазирликлар марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларида очиқликни таъминлаш борасида қилинган ишлар билан бирга, йўл қўйилган тизимли камчиликлар ҳам мавжуд.

Ўрганиш даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан расмий веб-сайт бош саҳифасида “Очиқ маълумотлар” бўлими ташкил этилмагани аниқланди. Вазирликлар расмий сайтларида хизмат сафарлари билан боғлиқ бўлган маълумотлар тўлиқ очиқланмаган. Бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш ишлари талаб даражасида эмас.

Вазирликлар сайтларида очиқ маълумотлар тўпламларини эълон қилиш масалалари бўйича масъул ходим ва унинг алоқа маълумотлари акс эттирилмаган. Таҳлилларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz)да жойлаштирилган 74 та маълумот тўпламларидан 48 таси эскирган.

Давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботлари, давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ташкил этиладиган харид комиссиялари харид комиссияси таркибини тасдиқлаш ҳақидаги қарорлар, тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда ижроси, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари тўғрисидаги маълумотлар, вазирлик тасдиқланган ярим йиллик ва йиллик иш режалари ҳамда вазирлик фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровлар натижалари ҳақидаги ахборот сайтда жойлаштирилмаган.

Маданият вазирлиги томонидан жорий йил 1 апрелига қадар ўтказилиши лозим бўлган матбуот анжумани вазирлик томонидан белгиланган муддатда ўтказилмаган. Вазирликлар ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларида ахборот хизматлари фаолияти кўзга ташланмаяпти. Ҳудудий бошқармалар томонидан тизимли равишда оммавий ахборот воситалари билан очиқ мулоқот ташкил этиш ишлари талаб даражасида эмас.

Вазирликлар бир қатор ҳудудий бошқармалари интернет ва ижтимоий тармоқларда кўтарилган, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалалар бўйича матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказмаган. Маданият вазирлиги ҳудудий бошқармаларида бу каби ҳолатлар юзасидан доимий ахборот бериб бориш учун сайтлар фаолияти йўлга қўйилмаган. Вазирлик томонидан мансабдор шахслар хизмат сафари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш билан боғлиқ ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар тўлиқ очиқланмаган.